Абу Али ибн Сино портрети. Рассом: А.Бакиров
Ибн Сино, Абу Али ал-Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн ал-Ҳасан ибн Али (980.8, Афшона қишлоғи — 1037.18.6, Ҳамадон шаҳри, Эрон) — жаҳон фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган ўрта осиёлик буюк қомусий олим. Ғарбда Авиценна номи билан машҳур.
Ибн Синонинг отаси Абдуллоҳ Балх шаҳридан бўлиб, Сомонийлар амири Нуҳ ибн Мансур (967—997) даврида Бухоро томонига кўчиб, Ҳурмайсан қишлоғига молия амалдори этиб тайинланади. У Афшона қишлоғида Ситора исмли қизга уйланиб икки ўғил фарзанд кўради. Ўғилларининг каттаси Ҳусайн (Ибн Сино), кенжаси Маҳмуд эди. Ҳусайн 5 ёшга киргач, Ибн Синолар оиласи пойтахт — Бухорога кўчиб келади ва уни ўқишга берадилар. 10 ёшга етар-етмас Ибн Сино Қуръон ва адаб дарсларини тўла ўзлаштиради. Айни вақтда у ҳисоб ва алжабр билан ҳам шуғулланади, араб тили ва адабиётини мукаммал эгаллайди.
Ибн Синонинг илм соҳасидаги дастлабки устози Абу Абдуллоҳ Нотилий эди. У эл орасида ҳаким ва файласуф сифатида машҳур бўлгани учун отаси Ибн Синони унга шогирдликка берди. Нотилийнинг қўлида олим мантиқ, ҳандаса ва фалакиётни ўрганди ва баъзи фалсафий масалаларда устозидан ҳам ўзиб кетди. Ибн Синонинг ақл-заковатини кўрган устози отасига уни илмдан бошқа нарса билан шуғуллантирмасликни тайинлайди. Шундан сўнг ота ўғилга илм ўрганиш ва билимларини чуқурлаштириш учун барча шароитларни яратиб берди. Абу Али тинмай мутолаа қилиб, турли илм соҳаларини ўзлаштиришга киришди. У мусиқа, оптика, кимё, фиқҳ каби фанларни ўқиди, хусусан, табобатни севиб ўрганди ва бу илмда тез камол топа бошлади.
Абу Али ибн Сино иш устида. Рассом: Р.Арибжанов
Ибн Синонинг тиб илмида юксак маҳоратга эришишида бухоролик бошқа бир табиб Абу Мансур ал-Ҳасан ибн Нуҳ ал-Қумрийнинг хизмати катта бўлди. Ибн Сино ундан табобат дарсини олиб, бу илмнинг кўп сирларини ўрганган. Қумрий бу даврда анча кексайиб қолган бўлиб, 999 йилда вафот этди.
Ибн Сино 17 ёшдаёқ Бухоро халқи орасида моҳир табиб сифатида танилди. Ўша кезларда ҳукмдор Нуҳ ибн Мансур бетоб бўлиб, сарой табиблари уни даволашдан ожиз эдилар. Довруғи бутун шаҳарга ёйилган ёш табибни амирни даволаш учун саройга таклиф қиладилар. Унинг муолажасидан бемор тезда соғайиб, оёққа туради. Эвазига Ибн Сино сарой кутубхонасидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Сомонийларнинг кутубхонаси ўша даврда бутун Ўрта ва Яқин Шарқдаги энг катта ва бой кутубхоналардан саналарди. Ибн Сино бир неча йил давомида шу кутубхонада кечаю кундуз мутолаа билан машғул бўлиб, ўз даврининг энг ўқимишли, билим доираси кенг кишиларидан бирига айланди ва шу пайтдан бошлаб ўрта аср фалсафасини мустақил ўрганишга киришди. У юнон муаллифларининг, хусусан, Аристотелнинг «Метафизика» асарини берилиб мутолаа қилди. Лекин бу китобда баён қилинганларнинг аксарияти Ибн Синога тушунарсиз эди. Тасодифан ёш олимнинг қўлига Абу Наср Форобийнинг «Метафизика»нинг мақсадлари ҳақида»ги китоби тушиб қолади ва уни ўқиб чиқибгина Ибн Сино метафизикани ўзлаштиришга муваффақ бўлади.
Шундай қилиб, Ибн Сино зарурий билимларнинг барчасини Бухорода олди. Олимнинг илмий ижоди 18 ёшидан бошланди. У Нуҳ ибн Мансурга атаб нафсоний қувватлар ҳақида рисола, «Уржуза» тиббий шеърий асари, ўз қўшниси ва дўсти Абул-Ҳусайн ал-Арузийнинг илтимосига биноан, кўп фанларни ўз ичига олган «Ал-ҳикмат ал-Арузий» («Арузий ҳикмати») асарини таълиф этди. Ундан ташқари, бошқа бир дўсти фақиҳ Абу Бакр ал-Барқий (ёки Барақий)нинг илтимосига кўра, 20 жилдли «Ал-ҳосил ва-л-маҳсул» («Якун ва натижа») қомусий асари ҳамда 2 жилдли «Китоб ал-бир ва-л-исм» («Саҳоват ва жиноят китоби»)ни ёзди.
Абу Али ибн Сино бемор ҳузурида. Рассом: Р.Арибжанов
Қорахонийлар 999 йил Бухорони забт этиб, сомонийлар давлатини ағдарганидан кейин Ибн Сино ҳаётида ташвишли, нотинч ва оғир дамлар бошланди. 1002 йил унинг отаси вафот қилди. Икки сулола вакилларининг тахт учун кураши 1005 йилгача давом этиб, охири қорахонийларнинг буткул ғалабаси билан тугади. Бундай вазиятда Бухорода ортиқ қолиб бўлмас эди. Шу боис Ибн Сино ўз юртини тарк этиб, Хоразмга бош олиб кетди. 11-аср бошларида Хоразм қорахонийлар ҳужумидан бирмунча тинч бўлиб, иқтисодий ва маданий жиҳатдан анча ривожланган ўлка эди. Хоразмшоҳлар Али ибн Маъмун (997—1009) ва Маъмун ибн Маъмун (1009—1017) илм-фанга эътиборли ҳукмдорлар бўлиб, олимларга илмий ижод учун қулай шароит яратиб берган эдилар. Шу боис бу даврда Хоразмнинг пойтахти Гурганж (Урганч) да замонасининг кўпгина таниқли олимлари тўпланди. Йирик математик ва астроном Абу Наср ибн Ироқ (1034 йили вафот этган), атоқли табиб ва файласуфлар Абу Саҳл Масиҳий (1010 йили вафот этган), Абу-л-Хайр Хаммор (942—1030) ва буюк олим Абу Райҳон Беруний шулар жумласидан. Ана шу илмий даврага 1005 йили Ибн Сино ҳам келиб қўшилди. Хоразмда Ибн Сино асосан, математика ва астрономия билан шуғулланди. Бу соҳалардаги билимларининг чуқурлашиб, илмий дунёқарашининг шаклланишида Ибн Ироқ ва Беруний билан бўлган илмий мулоқотлар катта аҳамият касб этди.
Ибн Синонинг Аристотель таълимоти хусусида Беруний билан ва ўзининг шогирди Бахманёр билан ёзишмалари тарихда машҳурдир. Ибн Сино Абу Сахл Масиҳийнинг тиббий тажрибаси ва билимларидан ҳам катта сабоқ олди. Хоразмшоҳ вазири Абу-лҳусайн ас-Саҳлий илмларни севувчи киши бўлганидан, Ибн Сино у билан дўстлашади ва унга атаб алкимёга оид «Рисола ал-иксир» («Иксир ҳақида рисола») номли асар ёзди. Бироқ Хоразмдаги осойишта ҳаёт узоққа чўзилмайди. Шарқда қудрати ортиб бораётган Ғазна ҳукмдори султон Маҳмуд Ғазнавий бу ўлкага кўз тикади. У, аввал, Маъмунга саройдаги бир гуруҳ олимларини Ғазнага жўнатиб юборишни сўраб хат ёзади. Бу хатга жавобан Беруний ва Абу-л-Хаммор Ғазнага кетадилар. Ибн Сино эса бу таклифни рад этиб, Масиҳий билан биргаликда 1010—1011 йилларда яширинча Хоразмни тарк этади. Шу вақтдан олимнинг саргардонлик йиллари бошланиб, умрининг охиригача ватандан узокда ҳаёт кечиришга мажбур бўлади.
Абу Али ибн Сино шогирдлари билан. XVII аср миниатураси
Масиҳий билан Ибн Сино Журжонга — Масиҳийнинг ватанига йўл олдилар. Лекин йўлдаги қийинчиликлар ва сувсизлик туфайли Масиҳий бетоб бўлиб, вафот этади. Натижада, Ибн Сино азоб-уқубатлар чекиб, аввал, Нисо, сўнг Обивард, Тус, Шиққон ва Хуросоннинг бошқа шаҳарларида қисқа муддат турганидан кейин, ниҳоят, Каспий денгизининг жануби-шарқида жойлашган Журжон амирлигига етиб келади. Ибн Сино Журжонда 1012—1014 йилларда яшайди, лекин шу қисқа вақт ичида унинг ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири — Абу Убайд Жузжоний билан учрашув ва бир умрга дўстлашув содир бўлади. У Ибн Синога нафақат шогирд, балки содиқ дўст ҳам эди. У Ибн Сино билан олимнинг сўнгги дамигача, 25 йил давомида бирга бўлади. Ибн Сино таржимаи ҳолининг ёзилиб қолиши, кўпгина асарларининг таълифи ва тартибга тушиши ҳамда уларнинг кейинги авлодларга келишида Жузжонийнинг хизмати катта.
Журжондалик вақтида Ибн Сино ҳам илмий ижод билан шуғулланди, ҳам табиб сифатида фаолият кўрсатди. Бу ерда у шогирдининг илтимосига кўра, мантиқ, фалсафа ва бошқа фанларга оид бир нечта рисола ёзди ва энг муҳими «Тиб қонунлари»нинг дастлабки қисмларини яратди. 1014 йил олим Журжонни тарк этиб, Райга кўчди. Ибн Сино Райга келган вақтида бу ерда бувайҳийлардан бўлмиш Маждуддавла Абу Толиб Рустам (997—1029) ва унинг онаси Саййида Хотун ҳукмронлик қилар эдилар. Бу ерда Ибн Сино савдойи дардига чалиниб қолган Маждуддавлани даволади ва шу сабабли салтанат тепасида турган Саййиданинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлди. Лекин олим Райда ҳам узоқ туролмади, чунки Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг Райга ҳам ҳужум қилиш хавфи бор эди. Шу боис Ибн Сино Райни тарк этиб, нисбатан кучлироқ бўлган Ҳамадонга, Маждуддавланинг акаси Шамсуддавла (997—1021) ҳузурига кетади. Ҳукмдорни санчиқ касалидан даволаганидан кейин олимни саройга таклиф қиладилар. У аввал сарой табиби булиб ишлайди, сунг вазирлик мансабига кўтарилади. Давлат ишлари билан банд бўлишига қарамай илмий ишларини ҳам давом эттиради ва қатор асарлар яратади. «Тиб қонунлари»нинг 1-китобини тугатиб, ўзининг машҳур фалсафий қомуси — «Китоб аш-шифо» ни ҳам шу ерда ёзишга киришади. «Тиб қонунлари» нинг қолган қисмини ҳам Ҳамадонда ёзиб битиради.
Абу Али ибн Сино мақбараси. Ҳамадон, Эрон
Ибн Сино Ҳамадонда 1023 йилгача истиқомат қилади ва айрим сиёсий сабабларга кўра, шу йили Исфаҳонга жўнаб кетади. Умрининг қолган 14 йилини шу ерда ўтказди. Бу ерда хам у тинимсиз илмий иш билан машғул бўлиб, бир қанча асарлар яратди. Улар орасида тиб, фалсафа, аниқ фанлар, тилшунослик каби фанларга оид китоблар бор. «Китоб аш-шифо»нинг қисмлари, форс тилидаги «Донишнома» ва 20 жилдли «Инсоф-адолат китоби» шулар жумласидан.
Жузжонийнинг ёзишича, Ибн Сино гарчи, жисмоний жуда бақувват бўлса-да, бироқ шаҳарма-шаҳар дарбадарликда юриш, кеча-кундуз тиним билмай ишлаш ва бир неча бор таъқиб қилиниб, ҳатто ҳибсда ётишлар олимнинг саломатлигига жиддий таъсир этди. У қуланж (колит) касаллигига чалинди. Алоуддавланинг Ҳамадонга юриши вақтида Ибн Сино қаттиқ бетоблигига қарамай, у билан бирга сафарга чиқади. Йулда дарди қўзғаб олимнинг тамомила мадори курийди ва оқибатда у шу дарддан 57 ёшида вафот этади. Олим Ҳамадонда дафн этилади. Унинг қабри устига 1952 йили мақбара ишланган (меъмори X. Сайхун). Мақбара Ибн Синога бағишланган музей хоналарини ҳам ўз ичига олади.
Шайхур-раис Абу Али ибн Сино. Миниатура
Замондошлари Ибн Синони «Шайх ар-раис» («донишмандлар сардори, алломалар бошлиғи»); «Шараф ал-мулк» («ўлка, мамлакатнинг обрўси, шарафи»), «ҳужжат ал-ҳаққ» («ростликка далил»); «Ҳаким ал-вазир» («донишманд, тадбиркор вазир») деб атаганлар. Жаҳон фани тарихида Ибн Сино қомусий олим сифатида тан олинган, чунки у ўз давридаги мавжуд фанларнинг қарийб барчаси билан шуғулланган ва уларга оид асарлар ёзган. Олим асарларини ўша даврда Яқин ва Ўрта Шарқнинг илмий тили бўлган араб тилида, баъзилари (шеърий ва айрим фалсафий асарлари)ни форс тилида ёзган. Турли манбаларда унинг 450 дан ортиқ асар ёзганлиги қайд этилган, лекин бизгача уларнинг 242 (160) таси етиб келган. Шулардан 80 таси фалсафага, 43 таси табобатга оид бўлиб, қолганлари мантиқ, психология, табииёт, астрономия, математика, мусиқа, кимё, ахлоқ, адабиёт ва тилшуносликка бағишланган. Лекин бу асарларнинг ҳаммаси ҳам олимлар томонидан бир хилда ўрганилган эмас. Ибн Синонинг кўпроқ фалсафа ва тибга оид китоблари жаҳоннинг кўпгина тилларига таржима этилиб, асрлар давомида қайта-қайта нашр қилиб келинмоқда, лекин шу билан бир вақтда, бошқа кўп асарлари ҳали қўлёзма ҳолида ўз тадқиқотчиларини кутяпти.
Абу Али ибн Сино
Ибн Синонинг илмий меросини шартли равишда 4 қисмга, яъни фалсафий, табиий, адабий ва тиббий соҳаларга бўлиш мумкин, олим шуларнинг ҳар бирида чуқур из қолдирган. Лекин Ибн Сино асарларининг миқдорий нисбатига назар солсак, олимнинг қизиқиш ва эътибори кўпроқ фалсафа ва тибга қаратилганини кўрамиз. Гарчи, уни «Авиценна» сифатида Ғарбда машҳур қилган унинг тиббий мероси, хусусан, «Тиб қонунлари» бўлсада, «Шайх-ар-раис» номи, энг аввал, унинг буюк файласуфлигига ишорадир.
Олимнинг фалсафага оид энг йирик ва муҳим асари «Китоб аш-шифо»дир. У 4 қисмдан иборат: 1) мантиқ — 9 бўлакка бўлинган: ал-мадҳал — мантиққа кириш; ал-мақулот — категориялар; ал-иборат — интерпретация; ал-қиёс — силлогизм; ал-бурҳон — исбот, далил; ал-жадал — тортишув, диалектика; ас-сафсата — софистика; ал-хитоба — риторика; аш-шеър — поэтика (шеър санъати); 2) табииёт (бу ерда минераллар, ўсимликлар, ҳайвонот олами ва инсонлар ҳақида алоҳида-алоҳида бўлимларда гапирилади; 3) риёзиёт — 4 фанга бўлинган; ҳисоб (арифметика), ҳандаса (геометрия), астрономия ва мусиқа; 4) метафизика ёки илоҳиёт. Бу асарнинг айрим қисмлари лотин, сурёний, иброний, немис, инглиз, француз, рус, форс ва ўзбек тилларида нашр этилган.
Ибн Синонинг яна бир фалсафий асари «Китоб ан-нажот» «Китоб аш-шифо»нинг қисқартирилган шакли бўлиб, у ҳам қисман жаҳоннинг бир неча тилларига таржима қилинган. Олимнинг фалсафий қарашлари яна «Ал-ишорат ва-ттанбиҳот» («Ишоралар ва танбиҳлар»), «Ҳикмат ал-машриқийн» («Шарқчилар фалсафаси»), «Китоб ал-ишорат фи-лмантиқ ва лҳикмат» («Мантиқ ва фалсафанинг ишоралари»), форс тилида ёзилган «Донишнома» («Билим китоби») ва бошқа турли ҳажмдаги фалсафий рисолаларда ҳамда «Тайр қиссаси», «Саломон ва Ибсол», «Ҳайй ибн Яқзон», «Юсуф ҳақида қисса» каби фалсафий мазмунли бадиий қиссаларда ўз аксини топган.
Абу Али ибн Сино
Ибн Синонинг дунёқараши Аристотель таълимоти ва Форобий асарлари таъсирида шаклланди. Унинг фикрича, фалсафанинг вазифаси мавжудотни, яъни барча мавжуд нарсаларни, уларнинг келиб чиқиши, тартиби, ўзаро муносабати, бир-бирига ўтишини зарурият, имконият, воқелик, сабабият омиллари асосида ҳар томонлама ўрганишдан иборат. Оламда мавжуд барча нарсалар иккига бўлинади: зарурий вужуд (вужуди вожиб) ва имконий вужуд (вужуди мумкин). Зарурий вужуд энг иродали, қудратли, доно Тангридир. Қолган нарсалар имконият тарзида мавжуд бўлиб, Тангридан келиб чиқади. Зарурий вужуд билан имконий вужуд муносабати сабаб ва оқибат муносабатидир. Бу жараёнда оламдаги ҳамма нарсалар эманация тарзида, яъни қуёшдан чиқаётган нур шаклида аста-секин амалга ошади. Шу тартибда имконият шаклида мавжуд бўлган ақл, жон, жисм, улар билан боғлиқ осмон сфералари келиб чикади. Булар ҳаммаси субстанция (жавҳар) бўлиб, яна борлиқда акциденция — нарсаларнинг белгилари, ранги, ҳажми, хиллари мавжуд. Жисм шакл ва моддадан ташкил топади. Худо абадий, унинг оқибати бўлмиш материя ҳам абадийдир. Унинг ўзи бошқа тайин жисмларнинг асосидир. Нарсаларнинг моддий асоси ҳеч қачон йўқолмайди. Материянинг энг содда бўлинмас шакли 4 унсур: ҳаво, олов, сув, тупроқдан иборат. Уларнинг турлича ўзаро бирикуви натижасида мураккаб моддий нарсалар ташкил топади. Мураккаб нарсалар шаклан ўзгариши мумкин, лекин уларнинг моддий асоси бўлган 4 унсур йўқолмайди, абадий сақланади.
Абу Али ибн Сино ҳайкали. Бухоро
Ибн Сино фикрича, аввал тоғ-тошлар, сўнг ўсимлик, ҳайвонот ва тараққиётнинг якуни сифатида бошқа жонзотлардан ақли, тафаккур қилиш қобилияти ва тили билан фарқ қилувчи инсон вужудга келган. Ҳодисаларни чуқур билиш, фан билан шуғулланиш инсонгагина хосдир. Инсон билимлари нарсаларни билиш ёрдамида вужудга келади. Билиш ҳиссий билиш ва тушунчалар ёрдамида фикрлашдан ташкил топади. Сезгида нарса-ҳодисаларнинг айрим, ташқи белгилари, тайин томонлари билинса, ақл уларнинг моҳиятини, ички томонларини абстракциялаштириш ва умумлаштириш ёрдамида била олади. Инсон ақли турли фанларни ўрганиш ёрдамида бойийди, ривож топади. Ибн Сино тушунчасида билимларни чуқур ўрганиш орқали худони билиш мумкин деган фикр ётади. У мавжуд билимларни эгаллаган инсонгина ҳақиқий мусулмон бўла олади, деб тушунади. Ибн Сино мантиқни илмий билишнинг, мавжудотни ўрганишнинг илмий усули деб билади. «Мантиқ, — деб ёзади Ибн Сино — инсонга шундай бир крида берадики, бу крида ёрдамида инсон хулоса чиқаришда хатолардан сақланади». У мантиқий усуллар, таърифлаш, ҳукм, хулоса чиқариш, исботлаш масалаларини чуқур ўрганди, мантиқ фанини Форобийдан сўнг билишнинг тўғри методи сифатида ривожлантирди.
Ибн Сино ўз давридаги табиий фанларнинг ривожига ҳам улкан ҳисса қўшган олимдир. Унинг табиий-илмий қарашлари «Китоб аш-шифо»нинг табиий фанларга оид қисмида баён қилинган. Олимнинг баъзи геологик жараёнларга оид мулоҳазалари ҳозирги илмий назарияларга жуда яқиндир. Унингча, вулқонлар аслида тоғ пайдо бўлиши ва зилзилалар билан боғлиқ. Тоғ пайдо бўлишининг ўзи эса 2 йўл билан бўлади: 1) кучли ер қимирлаши вақтида ер қобиғининг кўтарилиши; 2) сув орқали ва ҳавонинг аста-секин таъсири натижасида чуқур жарликлар пайдо бўлиб, натижада уларнинг ёнида баландлик ҳосил бўлиб қолиши. Зилзиланинг пайдо бўлишига ҳам бир неча сабаблар бор. Уларнинг бири газсимон ё оловсимон буғ бўлади. Мана шу буғ ҳаракатга келиб, ерни қимирлатади. Сувларнинг ер остига сизиб кириши, текис ер четининг ўпирилиши, баъзида тоғ чўққиларининг куч билан қулаши хам зилзилага сабаб бўлади. Олим фикрича, ер юзасининг маълум қисми бир маҳаллар денгиз туби бўлган, замон ўтиши билан геологик жараён оқибатида сув ҳавзалари ўрни ўзгарган. Бир вақтлар денгиз бўлиб, ҳозир қурукликка айланган ерларда денгиз ҳайвонларининг тошқотган қолдиқлари сақланиб қолган. У бундай ерларга Куфа, Миср ва Хоразм ерларини киритади.
Абу Али ибн Сино ҳайкали. Рига. 2006 йили очилган. Муаллиф: Равшан Миртожиев
Ибн Сино минералогия (маъданшунослик) соҳасида ҳам салмоқли ишлар қилган. У минералларнинг оригинал таснифини таклиф этди. Унга кўра, барча маъданлар 4 гуруҳга: тошлар, эрийдиган жисмлар (металлар), олтин-гугуртли ёнувчи бирикмалар ва тузларга бўлинади. Бу тасниф то 19-асргача деярли ўзгаришсиз сақланиб келди. Ибн Синонинг геология ва минералогияга оид фикрлари унинг «ал-Афъол ва-л-инфиолот» («Таъсир ва таъсирланиш») асарида ҳам учрайди.
Ибн Сино бошқа табиий фанлар қатори кимё билан ҳам шуғулланган ва унга оид асарлар ҳам ёзган. Бу асарларини у турли даврда ёзган бўлгани учун уларда Ибн Синонинг кимёга бўлган муносабатининг эволюцион ўзгариб бориши яққол акс этган. Унинг кимё соҳасида айтган фикрлари ўша даврдаги алкимё учун ниҳоятда илғор эди. Ибн Сино 21 ёшида, яъни илмий фаолиятининг бўсағасида металлар трансмутациясига, яъни оддий металларни олтин ва кумушга кимёвий йўл билан айлантириш мумкинлигига ишонган ва мутақаддим кимёгарларнинг китоблари таъсири остида «Рисола ас-санъа ила-лбарақий» («Барақийга атаб санъат (ал-кимё)га доир рисола») номли кичик асар ёзган. Лекин 30 ёшларга бориб, илмий тажрибаси ортган ёш олим бу соҳадаги уринишларнинг зое кетишига амалда ишонч ҳосил қилади ва «Рисола ал-иксир» («Иксир ҳақида рисола») асарида кимёвий йўл билан соф олтин ва кумуш олиш мумкинлигига шубҳа билдиради. 40 ёшларда ёзишга киришган «Китоб аш-шифо»да эса кимёгарларнинг трансмутация соҳасидаги барча ҳаракатлари беҳуда эканлигини назарий жиҳатдан исботлашга уринди. Унинг фикрича, ўша вақтда маълум бўлган ҳар бир металл ўзича алоҳида бир модда бўлиб, кимёгарлар ўйлагандек бир ягона металлнинг тури эмас. У олтиннинг алоҳида бир элементлигини билмасада, уни нарсалардан ясаб бўлмаслигини ҳам англаган эди. Олимнинг бу назарий мулоҳазалари ўрта аср кимёсининг илмий кимёга ўсиб ўтишида муҳим роль ўйнади.
Абу Али ибн Сино ҳайкали. Кортрейк, Белгия
Ибн Сино ботаника масалалари билан ҳам жуда кўп шуғулланди, чунки табобатда ишлатиладиган доривор моддаларнинг аксарияти ўсимликлардан олинади. У «Китоб аш-шифо» нинг «ан-набот» («Ўсимликлар») қисмида ўсимликларнинг турлари, пайдо бўлиши, озиқланиши, ўсимлик аъзолари ва уларнинг вазифалари, кўпайиши ҳамда ўсиш шароитлари ҳақида ёзади, илмий терминология яратиш соҳасида ҳам иш олиб боради.
Ибн Сино ёшлигидан астрономияга қизиққан ва бу қизиқиш умрининг охиригача сакланган. У 8 та мустақил рисола ҳамда «Китоб аш-шифо» ва «Донишнома»нинг риёзиёт қисмларида астрономияга алоҳида бобларни бағишлаган. Птолемейнинг «Алмагест»ини қайта ишлаб, шунинг асосида амалий астрономия бўйича қўлланма яратган. Ибн Сино Журжон шаҳрининг географик узунлигини ўз даври учун бутунлай янги бўлган усул — Ойнинг энг баланд нуқтасини кузатиш opқали аниқлаб берган. Беруний «Геодезия» асарида бу усулнинг тўғрилиги ҳақида гапириб, уни фақат Ибн Сино номи билан боғлайди. Бу усул Европада 500 йил дан кейин (1514 йил) астроном Вернер томонидан янгидан кашф қилинди.
Математика соҳасида Ибн Сино Евклиднинг «Негизлар» китобини қайта ишлаб, унга шарҳ ва тўлдиришлар киритди, геометрик ўлчамларга арифметик терминология қўллади, «сон» тушунчаси доирасини «натурал сон»дан анча кенгайтирди.
Абу Али ибн Сино ҳайкали. Тошкент
Шеърият соҳасида ҳам Ибн Сино сезиларли из қолдирди. У ўзининг айрим тиббий асарлари («Уржуза»)ни ражаз вазнли шеърда ёзган. Бундан ташқари, унинг бир нечта фалсафий қиссалари ҳам борки, улар кейинчалик форс-тожик адабиётига чуқур таъсир кўрсатди. Олимнинг форс тилида ёзган бир неча ғазал ва қитъалари, 40 дан ортиқ рубоийлари мавжуд. Унинг шеърий мероси қисман рус ва ўзбек тилларида нашр этилган.
Ибн Сино мусиқа бобида Форобийнинг илмий йўналишини давом эттирган йирик назариётчидир. Мусиқа ҳақидаги «Жавомеъ илм ул-мусиқий» («Мусиқа илмига оид туплам») асари «Китоб аш-шифо» нинг бир қисми бўлиб, ҳар бири бир неча бобли 6 бўлимдан иборат. «Ан-нажот», «Донишнома»ларда мусиқа ҳақида кичик бўлимлар мавжуд, «Тиб қонунлари», «Рисолаи ишқ» ва бошқаларда мусиқанинг айрим масалалари ҳақида фикр юритган. Ўз даври мусиқасининг барча муаммоларини баён этган: нағма, бўъд (интервал), лад тизимлари, ийқо, куй яратиш, мусиқа асбоблари ва ҳ. к. Европада кейинчалик «соф тизма (товушқатор)» аталган мусиқавий тузилмани биринчи бўлиб асослаган. Ибн Сино мусиқий гўзаллик ҳақида мукаммал таълимотни илгари суриб, мусиқани ҳамоҳангликнинг энг камолга етган тури деб билади. Ритм масалаларига Шарқнинг бошқа мусиқа назариётчилари сингари аруз бадиий тизим билан боғлиқ ҳолда қарайди. Табиб сифатида у мусиқани муҳим тиббий воситалар жумласига киритган. Инсон нутқий оҳанглари ривожланиши натижасида мусиқа пайдо бўлганлиги ҳақидаги назарияси ҳозирги замонавий мусиқа назарияларига мос келади. Ўзининг баркамол шахсни тарбиялаш ғоясида мусиқани асосий воситалар сирасига киритган.
Абу Али ибн Сино ҳайкали. Душанбе
Ибн Синонинг табобатда қилган ишлари унинг номини бир неча асрларга шу фан соҳаси билан чамбарчас боғлади. Олимнинг табобат тараққиётидаги буюк хизмати шундаки, у ўзигача ўтган турли халқ намояндалари томонидан асрлар давомида тиб илми соҳасида тўпланган маълумотларни саралаб, муайян бир тартибга солди ва уларни ўз тажрибалари билан бойитган ҳолда маълум назария ва қонун-қоида асосида умумлаштирди. Бунга унинг «Тиб қонунлари» ва бу асарнинг жаҳон тиб илми тарихида тутган мавқеи ва қозонган шуҳрати ёрқин далилдир.
Ибн Синонинг табобат соҳасида қилган ишлари ўша давр табобатини бир неча асрларга илгарилатди ва айрим соҳаларда ҳатто ҳозирги замон тиббиётига яқинлаштирди ҳам. Олим яшаган даврда бу соҳада антик олимларнинг, хусусан Гиппократ, Гален, Диоскорид ва бошқанинг таълимоти устувор эди. Ибн Сино ҳам ўз тиббий фаолиятида уларнинг назарий қарашлари ва амалий кўрсатмаларига таянди, лекин уларни Ҳиндистон, Хитой, Ўрта Осиё, Шарқ олимларининг ҳамда ўз тажрибалари ва билимлари асосида ривожлантирди ва бойитди. Ибн Синонинг даҳо табиб сифатида шуҳрат қозонишининг асосий омилларидан бири — унинг тиб назариясини, хусусан, анатомия — инсон гавдаси тузилишини мукаммал билишлигидир. Бош суягининг тузилиши, тишларнинг тузилиши тўғрисида у Галенга эргашган ҳолда тўғри фикрлаган. Унинг кўзнинг анатомияси, кўриш жараёнининг қандай содир бўлиши ва унда кўз қорачиғининг роли, кўз мускулларининг жойлашиши хусусида ёзганлари замонавий офтальмологияга яқиндир. Асаблар, қон томирлар, мушакларнинг тузилиши ва функциялари тўғрисида ёзганлари анатомиянинг амалиёт билан боғлиқлигини кўрсатади. Бу эса амалий анатомиянинг асосчиси деб тан олинган рус олими Н. И. Пироговни Ибн Синонинг издоши дейишга асос беради.
Абу Али ибн Сино ҳайкали. Партенит, Қрим
Ибн Сино ўткир диагност эди. Унинг баъзи ташҳис усуллари ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Перкуссия (аъзога уриш орқали диагноз қўйиш)ни, хусусан, асцит ва метеоризмни фарқлашда, истисқони аниқлашда (қоринга секин уриш орқали) қўллаган. Бу усул 600 йилдан кейин веналик табиб Леопольд Ауэнбруггер (1722—1809) томонидан қайта кашф қилиниб, яна 50 йилдан сўнг амалиётга кирган. Олим қон туфлаш ҳолатлари ва нафас олиш турларини чуқур ўрганиб, улардан ташҳисда фойдаланган. Ибн Сино турли касалликларнинг дифференциал диагностикасида ва гавданинг умумий ҳолатини аниқлашда томир уриши, сийдик ва нажасга қараб олинадиган белгиларга катта эътибор беради. Масалан, диабет (қанд) касаллигини у сийдикнинг ҳолати, шу жумладан, ундаги ширинлик моддасига қараб ташҳис қилади. Диабет касаллигида сийдикда қанд моддаси бўлишини 1775 йилда инглиз олими Добсон аниқлаган. Табобат тарихида биринчи бўлиб Ибн Сино вабо билан ўлатни фарқлаган, юқумли касалликлар билан оғриган беморларни бошқалардан ажратган ҳолда сақлаш кераклигини таъкидлаган, менингит, ошқозон яраси, сариқ касаллиги, плеврит мохов, захм, қизамиқ, сувчечак, куйдирги каби касалликларнинг белгилари ва кечиш жараёнини тўғри тасвирлаб берган. Қутуриш касаллигининг кўринишлари, унинг юқумли характери, беморнинг бу касалликдаги ҳолатларини жуда тўғри аниқлаган. 1804 йилда европалик олим Цинке қутурган ҳайвонларнинг сўлаги юқумлилигини тасдиқлаган.
Абу Али ибн Сино ҳайкали. Ҳамадон, Эрон
Психик ва асаб касалликларини тавсифлаш ва даволашга ҳам олим кўп янгиликларни киритган. Бу касалликларни даволашда у атроф муҳитнинг, иқлимнинг, парҳез ва жисмоний машқларнинг таъсирига ҳамда бемор кайфиятини яхшилашга қаратилган тадбирларга катта аҳамият беради.
Беморларни даволашда олим 3 нарсага — тартиб (парҳез), дорилар билан даволаш ва турли тиббий тадбирларни қўллаш (қон олиш, банка қўйиш, зулук солиш, ҳуқна ва ҳ. к.)га аҳамият бериш кераклигини айтади. Касалликни даволашда овқатланиш, яъни парҳезни муҳим омиллардан деб ҳисоблайди ва ҳар бир касаллик учун ўз овқатланиш тартибини беради. Чунончи, жигар касалликларида кўпроқ майиз, анжир, анор суви истеъмол қилишни буюради. Бу эса бундай касалликларни ҳозирги глюкоза ва инсулин билан даволаш усулларининг қадимий кўринишидир.
Ибн Синонинг жарроҳлик соҳасини ривожлантиришдаги хизматлари ҳам улкандир. У ўз тиббий асарларида замонавий жарроҳликда қўлланиб келаётган айрим усулларни баён қилади. Йирингли шишларни куйдириш ёки пичоқ билан ёриш, бавосир шишларини тикиш, тампон, ўткир модда ёки тикиш билан қон тўхтатиш, томоқни кесиб, най қўйиш (трахеотомия) шулар жумласидандир. Елка суягининг чиқишини оддий босиш билан даволаш усули ҳозиргача «Авиценна усули» деб аталади. Умуртқанинг қийшайишини Ибн Сино ўзи ихтиро қилган ёғоч мослама ёрдамида тузатган. Бу усулни 15-асрда француз табиби Кало қайта кашф этган. Суякларни гипслаш усули ҳам Ибн Сино томонидан кенг қўлланган, лекин у ҳам кейинчалик унутилиб, европалик табиблар томонидан 1852 йилда амалиётга янги ихтиро сифатида қайтарилган.
Ҳозир кўз жарроҳлигида қўлланаётган усулларнинг қарийб барчаси Ибн Синога маълум бўлган. Ёмон сифатли саратон (рак) шишлари, қовуқ тошларини олиш, истисқо, бавосирнинг операциялари, бош суягининг операцияси ва бошқалар Ибн Сино қўллаган муолажа усулларидандир. Жарроҳликда анестезия (оғриқни сездирмаслик) масаласига ҳам Ибн Сино катта эътибор берган. Бунинг учун у афюн, мингдевона, наша ва ҳ. к. наркотик таъсирга эга бўлган дорилардан фойдаланган. Касалликни даволашда Ибн Сино шахсий гигиена, уйқу ва жисмоний машқларнинг аҳамияти катталигини уқтирган. Унинг бир касалликни бошқа бир касалликни чақириш йўли билан даволаш усули диққатга сазовордир. Масалан, у тутқаноқни даволашда тўрт кунлик иситма билан оғришни фойдали деб билади. Австриялик психиатр Ю. Вагнер-Яурег (1857—1940) шундай усулни қўллаб, захм касаллигини безгакни юқтириш орқали даволагани учун 1927 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлган.
Абу Али ибн Сино
Ибн Сино доришунослик соҳасида чуқур тадқиқотлар олиб борган. У антик олимларнинг фармацияси асосида мусулмон Шарқида пайдо бўлган янги фармациянинг шаклланишига якун ясади. Табобатда сано, кофур (камфара), ровоч, тамр-ҳиндий (ҳинд ҳурмоси) каби дориларнинг ишлатилиши, асал ўрнида кўп дориларнинг қанд (шакар) асосида тайёрланиши ҳам Ибн Синонинг хизматидир. Унинг доривор ўсимликларни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш усуллари ҳозирги доришуносликдаги усулларга жуда яқиндир. Табиий дорилар билан бир каторда Ибн Сино биринчилардан бўлиб кимёвий усулда тайёрланган дориларни ҳам ишлатган. Касалликнинг турига қараб аввал содда, сўнг мураккаб таркибли дори билан даволаган. Энг муҳими, у озиқ-овқатларнинг шифо-бахш таъсирига катта аҳамият бериб, даволашни шундай маҳсулотлардан (мева, сабзавот, сут, гўшт ва ҳ. к.) бошлаган. Дори тайинлашда беморнинг мижози (иссиқ, совуқ, ҳўл, қуруқ), ёши, иқлим шароитини ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлайди. Ибн Сино фармацияси жуда пухта ўйланган фармакологик тадқиқот усулига асосланганлиги боис ўрта аср Европа фармациясидан анча ўзиб кетди ва замонавий доришуносликка яқинлашди. Олим ишлатган дориларнинг бир қанчаси ҳозирги фармакопеялардан мустаҳкам ўрин олган.
Ибн Синонинг тибга оид ёзган асарларининг 30 дан ортиғи бизгача етиб келган, уларнинг орасида «Қонун» каби тиббий энциклопедия билан бир қаторда тибнинг айрим назарий ва амалий масалаларига бағишланган турли ҳажмдаги «Уржуза фи-ттибб» («Тиббий уржуза»), «ал-Адвият ал-қалбия» («Юрак дорилари»), «Дафъ алмадорр ал-куллия ан-ал-абдон ал-инсония» («Инсон баданига етишган барча зарарларни йўқотиш»), «Китоб ал-қуланж» («Қуланж ҳақидаги китоб»), «Мақола фи-ннабз» («Томир уриши ҳақида мақола»), «Рисола фи-л-боҳ» («Шаҳвоний қувват ҳақида рисола»), «Рисола фи тадбири ал-мусофирин» («Сафардагиларнинг тадбири ҳақида рисола»), «Рисола фи хифз ас-сиҳҳа» («Соғлиқни сақлаш ҳақида рисола»), «Рисола фи-с-сиканжубин» («Сиканжубин ҳақида рисола»), «Рисола фи-лфасд» («Қон олиш ҳақида рисола»), «Рисола фи-лҳиндабо» («Сачратқи ҳақида рисола») каби рисолалар ҳам бор.
Абу Али ибн Сино
Ибн Сино ўз давридаги илмлар таснифи масаласига ҳам жиддий эътибор билан каради ва бу соқада «Ақсом ал-улум ал-ақлия» («Ақлий илмлар таснифи») номли асар ёзди. Унда олим ақлий илмларни ҳикмат — фалсафа илмлари деб олиб, уларни назарий ва амалий қисмларга бўлди. Назарий илмлар ҳақиқатни билишга, амалий илмлар яхши ишларни бажаришга қаратилган. Назарий фалсафа 3 га бўлинади: 1) қуйи даражадаги илм, яъни табиатшунослик (тиб, кимё, астрология ва бошқа); 2) ўрта даражадаги илм — математика (геометрия, арифметика, астрономия, мусиқа); 3) олий даражадаги илм — метафизика (илоҳиёт). Амалий фалсафа ҳам уч қисм (ахлоқ, иқтисод ва сиёсат) га бўлиниб, биринчисида битта шахс, унинг феъл-атвори қандай бўлиши ҳақида; иккинчисида инсонларнинг оилада, хўжалик ишларида бир-бири билан муносабатлари қандай бўлиши ва учинчисида шаҳар ёки ўлка миқёсида кишиларнинг бир-бири билан муносабати қандай бўлиши, давлатни идора қилиш ҳақида гап боради. Бу туркумлар ҳам майда тармоқларга бўлиниб кетади. Асарда 29 илм тармоғи тилга олинади. Ибн Сино ҳақиқий ахлоқий фазилатларга ва идеал жамоага шу мавжуд дунёда эришув мумкин, жамиятда инсонлар ўзаро ёрдам асосида яшашлари керак деб таъкидлайди. Жамият кишиларнинг ўзаро келишуви асосида қабул қилинадиган адолатли қонунлар ёрдамида бошқарилиши лозимлигини айтади. Жамият аъзоларининг ҳаммаси бу конунга итоат этишлари, қонунни бузиш ва адолатсизлик жазоланиши лозим. Агар ҳоким подшонинг ўзи адолатсизликка йўл қўйса, халқнинг унга қарши қўзғолони тўғри ва жамият томонидан қўллаб-қувватланмоғи керак, деб ҳисоблайди. Ўзининг ахлоқ тўғрисидаги фикрларида инсонларнинг кундалик ишларидаги энг зарур ахлоқий муносабатларга, камтарлик, иззат-ҳурмат, жасурлик, тўғрилик, софдиллик каби хулқий қоидаларга алоҳида эътибор беради.
Абу Али ибн Сино
Ибн Сино ўзининг бой ва серқирра илмий мероси билан кейинги давр Шарқ ва Ғарб маданиятининг ривожига катта таъсир кўрсатди. Шарқнинг Умар Хайём, Абу Убайд Жузжоний, Насриддин Тусий, Фаридуддин Аттор, Ибн Рушд, Низомий Ганжавий, Фахриддин Розий, ат-Тафтазоний, Носир Хисрав, Жалолиддин Румий, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Улуғбек, Бедил, Баҳманёр ибн Марзбон каби мутафаккир ва олимлари ўз асарларида Ибн Сино таълимоти ва илмий ғояларини давом эттирдилар. Европада алломанинг асарлари 12-асрдан бошлаб лотин тилига таржима қилиниб, университетларда ўқитила бошланди. Европанинг машҳур файласуф ва табиатшунос олимларидан Жордано Бруно, Гундисвальво, Вильгельм Овернский, Александр Гельский, Альберт фон Больштедт, Фома Аквинский, Рожер Бэкон, Данте ва бошқалар Ибн Синонинг илғор фикрларидан ўз ижодларида фойдаландилар ва унинг номини зўр ҳурмат билан тилга олдилар.
Ибн Сино илмий меросини ўрганиш ишлари янги даврга келиб жадал тус олди ва натижада чет эл ҳамда Ўзбекистонда махсус илмий йўналиш — синошунослик вужудга келди. «Тиб қонунлари»нинг лотинча таржимаси тўлиқ ҳолда 40 марта нашр этилди. Унинг айрим қисмлари немис, инглиз ва француз тилларига таржима қилинди, олимнинг фалсафий ва бошқа соҳаларга оид асарлари ҳам жаҳоннинг бир неча тилларида нашр этилди, унинг ижодига оид қатор йирик тадқиқотлар яратилди.
Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари» китоби қўлёзмаласи саҳифаларидан бири
Жаҳоннинг турли кутубхоналарида Ибн Сино асарларининг қўлёзмалари сақланади, шу жумладан, Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ҳам аллома қаламига мансуб 50 асарнинг 60 та қўлёзмаси мавжуд. Европа олимлари Е. Бишманн, Ю. Руска Карра де Во, X. Корбин, Круз Хернандез, Л. Гарде, А. М. Гуашон, X. Лей, П. Моривидж, Ж. Салиба ҳамда араб, турк ва эрон олимлари М. У. Нажотий, А. Н. Нодир, Ж. Ш. Қанавотий, Саид Нафисий, Яҳё Махдавий, Умар Фаррух, Э. Иҳсонўғлу, Ф. Раҳмон, М. Мусо, Ҳ. Ғараба, М. Шоҳвардий ва бошқалар Ибн Сино ижодини ўрганишга маълум ҳисса қўшдилар. Россиялик олимлардан Е. Э. Бертельс, А. Я. Борисов, И. С. Брагинский, С. И. Григорян, Б. А. Петров, Б. А. Розенфельд, В. Н. Терновский, А. В. Сагадеев, М. М. Рожанская, Тожикистон олимларидан С. Айний, М. Диноршоев, Т. Мардонов, Н. Раҳматуллаев, А. Баҳовуддинов, Ю. Нуралиев бу йўналишнинг ривожланишига хизмат қилдилар.
Ўзбекистонда Ибн Сино асарларини таржима ва тадқиқ этишда шарқшунос олимлар С. Мирзаев, А. Муродов, А. Расулов, У. И. Каримов, Ю. Н. Завадовский, А. А. Семёнов, М. А. Салье, П. Г. Булгаков, Ш. Шоисломов, Э. Талабов, Ҳ. Ҳикматуллаевлар улкан ишларни амалга оширдилар. Т. Н. Қори-Ниёзий, И. М. Мўминов, М. М. Хайруллаев, М. Н. Болтаев, А. Ахмедов, Г. П. Матвиевская, В. К. Жумаев, Н. Мажидов, О. Ф. Файзуллаев, М. Б. Баратовнинг монография ва мақолаларида Ибн Сино ижодининг турли қирралари тадқиқ этилган.
Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари» китоби лотинча нусхаси
Рус антропологи М. М. Герасимов, бир неча тарихий шахслар қатори, Ибн Синонинг ҳам калла суяги асосида ҳайкал-портретини яратган. Андижон тиббиёт институти ходимлари (Ю. О. Отабеков, Ш. Ҳ.Ҳамидуллин, Е. С. Соколова) Ибн Синонинг илмий асосланган тимсолини ҳайкал-бюстда тасвирладилар (1965). Ўзбекистонлик рассом С. Марфин Ибн Сино бадиий портретини ишлаган (1968). Ибн Сино ҳақида «Ўзбекфильм» студияси ижодкорлари (реж. Э. Эшмухамедов; О. Агишев, Э. Эшмуҳамедов сценарийси) «Даҳонинг ёшлиги» тарихий-биографик бадиий фильмини (1984) яратдилар.
Ўсимликларнинг биринчи илмий таснифини яратган машҳур швед ботаниги Карл Линней (1707—78) доимо яшил бўлиб турувчи бир тропик дарахтни Ибн Сино шарафига Авиценниа деб атади. Ўзбекистон ерида топилган (1956) янги минерал Ибн Сино номи билан Авиценнит деб аталади. Бухоро шаҳри ва Афшона қишлоғида Ибн Синога ҳайкал ўрнатилди, Бельгиянинг Кортрейк шаҳрида ҳам Ибн Синога қўйилган (2000) ҳайкал бор. Афшонада Ибн Сино музейи очилди. Ўзбекистон ва Тожикистондаги тиббий олий ва ўрта билим юртларига, нашриётга, санаторий, шифохона, кутубхона, мактаб, кўча, жамоа хужаликлари, турар жой мавзеларига Ибн Сино номи берилди. Тожикистонда фан соҳасида катта ютуқларни тақдирлаш учун Ибн Сино номидаги республика давлат мукофоти таъсис этилган. Ўзбекистонда Ибн Сино халқаро жамғармаси тузилди (1999 йил), «Ибн Сино» ва «Сино» номли халқаро журналлар нашр қилинади.
Мақола муаллифи: Сурайё Каримова
тарих фанлари доктори, профессор
Мақолалар:
Абу Али ибн Сино. Ахлоқ, таълим-тарбия ҳақида
Абу Али ибн Сино ҳикматлари
Абу Али ибн Сино. Саломон ва Ибсол (қисса)
Абу Али ибн Сино. Қуш ҳикояти (фалсафий қисса)
Абу Али ибн Сино. Ҳайй ибн Яқзон (фалсафий қисса)
Абу Али ибн Сино рубоийларидан
Азизахон Зайнитдинова. Ибн Сино фалсафаси
Абу Али ибн Сино асарлари:
Абу Али ибн Сино. Тиб қонунлари [3 жилдли сайланма; тузувчилар: У. Каримов, Ҳ. Ҳикматуллаев]. 1-жилд. Тошкент, 1993.
Абу Али ибн Сино. Тиб қонунлари [3 жилдли сайланма; тузувчилар: У. Каримов, Ҳ. Ҳикматуллаев]. 2-жилд. Тошкент, 1992.
Абу Али ибн Сино. Тиб қонунлари [3 жилдли сайланма; тузувчилар: У. Каримов, Ҳ. Ҳикматуллаев]. 3-жилд. Тошкент, 1993.
Абу Али ибн Сино. Тиббий ўгитлар. Тошкент, 1991.
Абу Али ибн Сино. Тиб қонунлари, 1—5 китоблар [2-нашри|, Т., 1979—1983.
Абу Али ибн Сино. Саломон ва Ибсол, Т., 1980.
Абу Али ибн Сино. Тиббий рисолалар, Т., 1987.
Абу Али ибн Сино. Уржуза ёки 1326 байт тиббий ўгит, Т., 1999.
Абу Али ибн Сина. Канон врачебной науки (В 5 книгах, 6 томах). Книга 1. Ташкент, 1981.
Абу Али ибн Сина. Канон врачебной науки (В 5 книгах, 6 томах). Книга 2. Ташкент, 1982.
Абу Али ибн Сина. Канон врачебной науки (В 5 книгах, 6 томах). Книга 3. Том 1. Ташкент, 1979.
Абу Али ибн Сина. Канон врачебной науки (В 5 книгах, 6 томах). Книга 3. Том 2. Ташкент, 1980.
Абу Али ибн Сина. Канон врачебной науки (В 5 книгах, 6 томах). Книга 4. Ташкент, 1980.
Абу Али ибн Сина. Канон врачебной науки (В 5 книгах, 6 томах). Книга 5. Ташкент, 1980.
Абу Али ибн Сина. Избранные философские произведения: Жизнеописание. Книга знания. Указания и наставления. Книга о душе. Москва, 1980.
Абу Али ибн Сина. Трактат о любви. Тблиси, 1975.
Абу Али ибн Сина. Избранное в 2-х томах. Том 1: Восточная философия (ал-Хикма ал-машрикийа). Душанбе-Ашгабат, 2003.
Абу Али ибн Сина. Избранное в 2-х томах. Том 2: Руководство по философии (Китаб ал-хидая). Трактат об определениях (ар-Рисала фи-л-худуд). Трактат об этике (ар-Рисала фи-л-ахлак). Душанбе-Ашгабат, 2003.
Абу Али ибн Сина. Канон врачебной науки, в 10 томах. Т., 1996.
Абу Али ибн Сина. Донишнамэ, Книга знания, Душанбе, 1957.
Абу Али ибн Сина. Трактат по гигиене, Т., 1982.
Абу Али ибн Сино. Осори мунтахаб, 1—2 т., Душанбе, 1980.
Адабиётлар:
Абдусодиқ Ирисов. Абу Али ибн Сино ҳаёти ва ижодий мероси. Тошкент, 1980.
Азиз Қаюмов. Абу Райҳон Беруний. Абу Али ибн Сино. Тошкент, 1987.
Ибн Сино портрети, Т., 1957.
Хайруллаев М., Уйғониш даври ва Шарқ мутафаккири, Т., 1971.
Ирисов А., Абу Али ибн Сино, Т., 1980.
Абу Али ибн Сино туғилган кунининг 1000 йиллигига, тўплам, Т., 1980.
Отабеков Ю. О., Ҳамидуллин Ш.Ҳ., Абу Али ибн Синонинг илмий асосланган ҳайкал образини яратиш, Т., 1980.
Мажидов Н. М., Ҳалимова X. М., Мажидова Ё. Н., Абу Али ибн Сино неврологияси, Т., 2002.
Кадыров А. А., Саипов У. Т., Великие ученые-медики средневековья. Ташкент, 1988.
Болтаев М. Н., Абу Али ибн Сина великий мыслитель, учёный-энциклопедист средневекового Востока. Москва, 2002.
Сагадеев А. В., Ибн Сина (Авиценна), Москва, 1980.
Смирнова-Ракитина В., Авиценна. Жизнь замечательных людей. Москва, 1958.
Джумаев В. К., Хирургия Абу Али ибн Сины и её исторические истоки, Т., 1965.
Терновский В. Н., Ибн Сина (Авиценна), М., 1969.
Завадовский Ю. Н., Абу Али ибн Сина, Душанбе, 1980.
Нуралиев Ю., Медицина эпохи Авиценны, Душанбе, 1981.
Абу Али ибн Сина и естественные науки. Материалы юбилейной научной сессии, посвяшенной 1000-летию со дня рождения Абу Али ибн Сины, Т., 1981.
Бадиий асарлар:
Миркарим Осим. Ибн Сино қиссаси (қисса)
Мақсуд Қориев. Ибн Сино (роман)
Оқилжон Ҳусан. Ибн Сино висоли (қисса)
Уйгун. Абу Али ибн Сина (пьеса)
Таржимаи ҳол
Ал Ҳусайн Ибн Абдуллоҳ ибн Ал-Ҳасан ибн Али Ибн Сино – буюк олим, табиб, мусиқачи. Ўрта Осиё ва Эронда яшаган, турли ҳукмдорлар пайтида табиб ва вазир бўлган. Ибн Сино рисолалари Шарқ ҳамда Ғарбда бағоят машҳур. “Тиб қонунлари” назарий ва клиник медицина энциклопедияси — юнон, рум, ҳинд ҳамда ўрта осиёлик табиблар нуқтаи-назари жамланмаси — бир неча аср давомида, ҳатто Оврупада ҳам зарур қўлланма бўлиб хизмат қилган.
Асосий қизиқишлари – замонавий медицина янгиликлари, гомеопатия, халқ табобати, замонавий манбаларни ва медицинага оид рефератларни ўрганиш. Олимнинг ўлимидан юз йилдан ошиқ вақт ўтиб, Боғдоддаги дин ишқибозлари Ибн Синонинг фалсафий китобларини ёқиб юборишади, орадан яна бир неча аср ўтгач, Оврупада катта дастгоҳ ихтиро қилингач, “Тиб қонунлари” китобининг катта бешта томи нашрдан чиқарилган. Бу – Инжилдан кейинги нашрдан чиққан иккинчи китоб бўлади.
Табобат илмининг султони бўлмиш Ибн Сино Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида туғилган. Бизнинг вақтимизгача етиб келган ўзи ҳақидаги таржимаи холида ёзишича, “Отам Балхдан бўлган ва у ердан Бухорога сомонийлардан Нуҳ ибн Мансур ҳукмронлиги даврида келади ва у ерда ўз ишини девонхонадан бошлайди. Унинг лавозими – Бухоро яқинидаги туман маркази бўлмиш Хармайсанни бошқариш бўлган. Шу ерларга яқин қишлоқдаги Афшоналик қизни, яъни менинг бўлажак онам Ситора – юлдузни хотинликка олади. У ерда аввал мен, кейин менинг акам дунёга келади.”
Ибн Сино форс-дорий тилида суҳбатлашувчи Ўрта Осиёлик бўлган. “Қалбга ором бериш учун” бу тилда у тез-тез тўртликлар ёзиб турган.
Ибн Синонинг ота-онасига Ҳусайн исми жуда ёққан. Шу сабабли биринчи ўғлининг исмини Ҳусайн деб қўйишган, лекин аслзодалар, одатда ўғиллари ва куньяларига фахрий ном беришган. “Шубҳасиз, менинг ўғлимнинг ўз ўғли бўлади, дея кулади Абдуллоҳ. Шундай экан, менинг ўғлим Ҳусайн азият чекмасин. Бўлажак набирам учун мен исм танлаб қўйдим – унинг исми Али бўлади. Куньяси Абу Али бўлади”. Абдуллоҳ бу фикри зое эканлигини билмаган ҳам эди. Ҳусайннинг на ўғли, на оиласи бўлади.
Бир умр карвон йўлларида шаҳарма-шаҳар кезиб, бир ҳукмдордан бошқасининг қўлига ўтиб, йўл унинг уйига, йўловчилар эса унинг яқинларига айланиб қолади. Кичкина Ҳусайн жуда қизиқувчан йигитча бўлган. “Нима учун?” сўзи – луғатидаги энг кўп ишлатиладиган сўз бўлган. Ҳусайн беш ёшга тўлганида оиласи Бухоро шаҳрига кўчиб ўтади. Болакайни бошланғич мусулмонлар мактабига жойлашади ва у ерда ўн йил таълим олади.
Хатиб Убайд синфидаги ўн бешта болакай орасида Ҳусайн энг кичиги бўлган. Қуръон оятлари, сураларни ўқувчилар араб тилида ўқишлари лозим бўлган. Кўпчилик йигитлар араб тилини базўр тушунишган. Ҳусайн ўқишни бошлаши биланоқ устозини саволлар билан кўмиб ташлайди, аммо устози шу заҳотиёқ осон жавоб қайтаради: “Қуръонни ўрган. У ердан барча саволларингга жавоб топасан.” Бир вақтнинг ўзида Ҳусайн бошқа ўқитувчи билан ҳам шуғулланиб, грамматика, услубият ва араб тилларини ўрганади.
Кунлардан бир кун кичик Ҳусайн: “Мен Қуръонни бутунлай ёд олдим. Энди савол берсам буладими?”, дейди. Устози эса жуда қаттиқ ранжийди ва “Қуръонни узоқ йиллар давомида ўрганишади ва камдан-кам мусулмонлар уни ёд олиб, уларни ҳофиз, дея улуғлашади”, дейди. “Демак, мен ҳофиз эканман!” – дея тезкор жавоб қайтаради, болакай. Адолатсиз имтихонда Ҳусайн барча сураларни бир сўз ҳам қолдирмай айтиб беради.
Қуръонни хатиб Убайднинг ўзи ҳам ёддан билган. Шундан кейин Ҳусайн мактабга бормаган. Ўн ёшида, яъни 990 йилга бориб, Ҳусайн таълимининг бошланғич даврини якунлайди. У Қуръонни ёддан айтиб, ўз хотираси билан барчани ҳайратга солади ва араб адабиётини ниҳоятда зўр билиши билан барчани лол қолдиради. Шу вақтдан эътиборан, Ибн Сино шайҳ бўлади. Мана, шахсий таржимаи холидан парча: “Ўн ёшимда мен Қуръонни ёд олдим ва адабиёт фанини ўрганиб катта муваффақиятларга эришиб, барчани қойил қолдирдим”.
Айтиш жоизки, болакайнинг мисли кўрилмаган қобилиятлари эрта сезилди. Уйидаги хуш ҳолат ўспириннинг маънавий юксалишига замин яратди. Ибн Синонинг отаси бадавлат ва ўқимишли, исмоилит (собиқ исломга қарши) ўқишларига яқин киши бўлганки, уни издошлари сафига қўшган. Гарчи ибн Сино исмоилитлардан бўлмаган, лекин уларнинг хутбалари маъноси билан синчкофлик ила қизиққан. Эҳтимол, Ибн Сино исмоилитлардан ўзининг Қуръонга бўлган танқидий қарашларини ўзлаштиргандур.
Ибн Синога фалсафа ҳамда математикани ўргатган биринчи устози Абу Абдуллоҳ ан-Нотилий ҳам ушбу ўқишлар издошидан бўлган. Шогирд устозидан шунчалик ўтиб кетдики, савол-жавоблари билан устозини ноқулай аҳволга солиб қўя бошлади. Ибн Сино таржимаи холида кейинги ҳолатни ифодалайди: “Мен мазкур таъриф учун шундай таҳлил қилдимки, илгари бундайини эшитмаганман. У жуда хайрон қолдида, ота-онамга мени илмдан бошқа ҳеч нарса билан банд қилмасликларини маслаҳат берди. … Евклиднинг китоби билан ҳам шундай воқеа солдир бўлди: ўқитувчим ёрдамида беш-олтитта теоремани ўргандим, қолганларини эса мустақил ўргандим. Тез орада Натили мени ўргатишга ожиз бўлди. “Ўзинг ўқи, теоремаларни ўзинг ишлаб, кейин олдимга кел”, деди. Шундан сўнг мен китобларни мустақил ўргандим. Жараёнда менда шунчалик кўп саволлар уйғонардики, уларга жавобни устозим ҳам билмай, охир-оқибат мендан олган”.
Ибн Сино табобат билан жуда эрта қизиққан ва бу соҳа унинг қизиқишларининг катта қисмини эгаллай бошлайди. Хали 12 ёшга тўлмасиданоқ, Ибн Сино ўша вақтларнинг файласуфи ва табиби Абу Салаҳ ал-Масиҳийнинг маслаҳатига кўра унинг таълимотини эгаллади. “Сўнгра мен табибликка ихлос қўйиб, табиблик билан боғлиқ китобларни ўқий бошладим — деб ёзади таржимаи холида.
Табобат эса мушкул илм эмас, мен уни қисқа фурсат ичида шунчалик пухта эгалладимки, давримизнинг табиблари олдимга маслаҳат сўраб кела бошлашди. Беморларни кўрикдан ўтказардим, орттирган тажрибаларим натижасида, қаршимда шундай даво эшиклари очилдики, таърифга тил ожиздир. Ёшим эса бор-йўғи ўн саккизда эди”.
Ҳусайн табобатни бухоролик табиб, бир қатор илмий ишлар муаллифи Абу-л-Мансур Қамарийнинг қўл остида батафсил ўрганган. Қамарийнинг қўл остидаги таълимоти узоқ чўзилмади, Ибн Сино мустақил амалиёт билан шуғулланади ва тез орада шунчалик машҳур шифокор бўлиб кетадики, уни саройга оғир касал бўлиб қолган Бухоро амири Нуҳ ибн-Мансурни даволаш учун чақиртиради.
Ибн Синонинг ўзи бу ҳақда шундай эслайди: “Кунлардан бир куни амир қаттиқ бетоб бўлиб қолди ва шифокорлар унинг касалини аниқлай олишмади. Менинг исмим уларга таниш эди ва улар амирга мен ҳақимда гапириб, мени чақиришларини илтимос қилишди. Мен чақирилган жойга бориб, улар билан бирга хизмат қилдим”.
Бухоро амирининг касали ва Ибн Сино уни нима билан даволаганлиги ҳақида маълумот йўқ, бироқ, муолажа шунчалик ёрдам бердики, Бухоронинг ёрқин амири Нуҳ ибн Мансур яна бир йил тахтни бошқарган. Миннатдорчилик эвазига Ибн Сино сомонийларнинг китоб омборидан фойдаланиш рухсатига эга бўлган. Бухоро кутубхонаси — ўз даврининг энг йирик ва энг машҳур китоблар омбори ҳисобланган.
Ибн Синонинг ўзи Бухоро кутубхонасида ишлаган даврини ижодий ривожининг энг муҳим босқичи деб ҳисоблайди. Шу вақтдан эътиборан, унинг таълими якунланиб, мустақил ҳаёт йўли босқичи бошланади.
Ибн Сино сомонийлар кутубхонасидан бир неча йиллар давомида фойдаланган. Эҳтимол, ўз ичига барча аломатлари ила касаллик номлари кўрсатилган, шунингдек, касалликнинг келиб чиқиш сабаблари ва давоси кабиларни ўзида жамлаган умумлашма тиббиёт асарини яратиш ғояси унда Бухоро кутубхонасида ишлаган йиллари уйғонган.
Айнан шу мақсад учун Ибн Сино турли китоб, рефератлардан парчалар кўчириб олган ва уларни умумлаштирган. Шундай қилиб, Ибн Синонинг энг муҳим асари “Тиббиёт фани қонуни” учун материаллар тайёрланган ва бу иш устида у кўп йиллар ишлаган.
999 йил отаси Абдуллоҳ ибн Хасан вафот этади ва Ибн Синонинг елкасига яқинларига ғамхўрлик қилиш вазифаси тушади. Афсуски, собиқ исмоилитлар оиласига ҳокимият тепасидагилар қаттиқ шубҳа билан қарашарди, Ибн Синонинг аҳволи жуда танг ва ҳатто, хатарли эди. Шу сабабли у Хоразмнинг пойтахти Гурганжга кўчиб кетишни қарор қилади.
Афсуски, Ҳусайн ўлимининг охиригача мусофирчиликда у шаҳардан бошқачига кўчиб, охир-оқибат она ватанига қайтиб кела олмайди. У Хоразм, Абиверда, Нишопур, Туа, Гурган, Рей, Хамадан, Исфаган каби шаҳарлар ҳукмдорларини кўрди, кўплаб шаҳар ва қишлоқларда бўлди. Ҳаётида кўп йўқотишларни бошдан кечирди, кўпинча ҳокимият тепасига чиқиб, тез орада яна пастга тушар, гоҳ вазир бўлса, гоҳ зиндонга тушар эди, дабдабада ҳам, етишмовчиликда ҳам кун кўрди, лекин ўзининг ижодий ва илмий ишини қилмаган бирор кун бўлмади.
1002 йил Бухоро турклар томонидан қамал қилиниб, сомонийлар сулоласи ағдарилгач, Ибн Сино Хоразм ҳокими саройига Урганчга йўл олади. У ерда Ибн Синони “шифокорлар ҳокими” дея номлашган. 1008 йил султон Маҳмуд Ғазнавийга хизмати қилишган бош тортган Ибн Синонинг фаровон ҳаёти дарбадарликка алмашади. Ўзининг айрим асарларини у узоқ сафар вақти эгарда ёзган.
1015-1024 йиллар Хамадонда яшаб, илмий фаолиятини амирликнинг сиёсий ва давлат ишларида фаол иштироки билан умумлаштирган. Амир Шамс ад-Давлани муваффақиятли даволаганлиги учун унга вазирлик лавозими топширилади, аммо атрофини ҳарбий душманлар ўраб олади. Амир аскарларнинг Ибн Синога ғазнани топшириш талабларини рад этади ва уни эгаллаб турган лавозимидан озод қилиб, ҳукмронлик қилиб турган ерларидан ташқарига қувғин қилишларини буюради. Орадан қирқ кун ўтиб, амирнинг аҳволи яна ёмонлашиб қолиб. Қувғинликдаги олимни топиб, уни яна вазир этиб тайинлашларини буюради.
Амирнинг ўлимидан сўнг Исфахон ҳокимига хизмат қилганлиги учун у тўрт ойга қалъага зиндонбанд қилинади. Умрининг сўнгги ўн торт йили Исфахонда (1023-1037) амир ал-Давла саройида хизмат қилиш билан ўтади. Саройда у ижод қилиши учун жуда қулай шароитлар яратиб беришган. У бош шифокор ва амир маслаҳатчиси бўлади ва ҳатто уни юришларда ҳам кузатиб борган. Бу йиллар давомида Ибн Сино ўзининг танқидий ёндашуви билан адабиёт ва фалсафа таълимоти билан шуғулланади. Шу билан бирга, серсамара ижодий ишларини ҳам давом эттирган. Унинг кўп қўлёзмалари, шу жумладан, “Инсоф китоби” («Китаб уль-инсаф») Исфахонга ғазна қўшинлари босқинчилиги сабабли ёниб кетган. Исфахон подшосининг юришларидан бирида Ибн Сино оғир ошқозон касалига чалиниб, уни тузата олмайди. Ибн Сино 1037 йил июнь ойида нотаниш одамга васиятини айтиб, вафот этади. Ўз васиятида у барча қулларини озод этиб, барча мол-мулкини камбағалларга тарқатишларини сўрайди.
Авиценна Хамадонда шаҳар девори остига кўмилган, орадан саккиз ой ўтгач, унинг хоки Исфахонга олиб ўтилади ва амир мақбарасига қайта кўмилади.
Ибн Сино тадқиқий идрокка муккасидан кетган ва барча мавжуд билимларни энциклопедик даражада эгаллаш иштиёқига эга олим бўлган. Файласуф ғайритабиий хотира эгаси ва ўткир ақл соҳиби бўлган.
Мероси
Шифо китоби
Араб тилида ёзилган энциклопедик иши “Шифо китоби” («Китаб аль-Шифа») мантиқ, физика, биология, психология, геометрия, арифметика, мусиқа, астрономия ва метафизикага бағишланган. “Донишмадлик китоби” («Даниш-намэ») ҳам энциклопедия саналади.
Медицинага оид ишлари
Ибн Инонинг асосий медицина асарлари
- “Тиббиёт фани қонуни” («Китаб ал-Канун фи-т-тибб») – энциклопедик характердаги асар бўлиб, унда қадимги давр медикларининг кўрсатмалари араб медицинасининг ютуқлари билан ўзаро қайта ишланган. “Қонун”да Ибн Сино касалликлар аллақандай майда бўлаклар оқибатида пайдо бўлишини кўрсатган. У биринчи бўлиб чечакнинг юқумлилигига эътибор қаратган, вабо ва ўлатнинг фарқини аниқлаган, мохўв касаллигининг бошқалардан фарқини кўрсатиб, унга изоҳ берган ва бошқа бир қатор касалликларни ўрганиб чиққан. “Тиббиёт фани қонуни”нинг лотин тилига ўгирилган кўплаб таржималари мавжуд. “Қонун” беш қисмдан иборат бўлиб, иккиси дори воситалари ва дориворларга ҳамда уларнинг тайёрланиш таьрифига бағишланган. Китобда келтирилган 2600 дори воситаларидан 1400 тасининг келиб чиқиши ўсимлик кўринишидадир.
- “Дори воситалари” («Ал-Адвият ал калбия») — Хамадонга биринчи бориши вақтида ёзган. Мазкур асарда пневма ҳосил бўлганда ва намоён бўлганда юрак фаолияти, хусусан, юрак касаллиги ва давоси ҳақида батафсил ёритиб берилган.
- “Хатоларни тўғирлаш ва огоҳлантириш орқали турли усулларда олиб ташлаш” («Дафъ ал-мазорр ал куллия ан ал-абдон ал инсония би-тадорик анвоъ хато ан-тадбир»).
- “Шаробнинг фойдаси ва зарари ҳақида” («Сиёсат ал-бадан ва фазоил аш-шароб ва манофиъих ва мазорих») — Ибн Синонинг энг қисқа рисоласи.
- “Табобат ҳақида достон” («Урджуса фит-тиб»).
- “Томир уруши ҳақида рисола” («Рисолайи набзийа»).
- “Саёҳатчилар учун тадбирлар” («Фи тадбир ал-мусофирин»).
- “Шаҳвоний куч ҳақида рисола” («Рисола фил-л-бох») — касаллик, уни олдини олиш ва шаҳват бузулишларини даволаш ифодаланган.
- “Сирка-асал ҳақида рисола” («Рисола фи-с-сиканджубин») — турли таркибга эга сирка ва асални тайёрлаш ва касалликларда истеъмоли таърифланган.
- “Сачратқи ҳақида рисола” («Рисола фил-хиндабо»).
- “Қон олишда қон томирлар” («Рисола фил-урук ал-мафсуда»).
- «Рисола-йи жудия» — қулоқ, ошқозон, тиш касалликлари таърифи келтирилган. Бундан ташқари, унда гигиена муаммолари келтирилган. Айрим тадқиқотчилар Авиценнанинг муаллифлигига шубҳа қилишади.
Соғломлаштирувчи машқлар
Ибн Сино ўз асарларида жисмоний машқларининг соғломлаштирувчи ва даволовчи тажрибадаги ўрни ва роли ҳақида ёзади. Жисмоний машқларга тўхтовсиз, чуқур нафас олишга олиб келувчи эркин ҳаракатлар, дея таъриф берган.
Агар инсон мўътадил ва ўз вақтида жисмоний машқлар билан шуғулланса ва тартибга риоя қилса, у давога ҳам, дориларга ҳам муҳтож бўлмайди, дея тасдиқлаган. Машқларни тўхтатар экан, у сўнади. Жисмоний машқлар мушакларни, бўғимларни, асабни мустаҳкам қилади. Шунингдек, у машқларни бажаришда ёшни ҳам инобатга олишни маслаҳат берган. Уқалаш, совуқ ва иссиқ сувда чиниқиш каби муолажаларда тўхталган.
Кимё
Кимё соҳасида Ибн Сино эфир мойларини ҳайдаш жараёнини очган. Хлорид, олтингугурт ва азот кислоталари, калий ва натрий гидроксидини чиқара олган.
Астрономия
Ибн Сино астрономия соҳасида Арастунинг юлдузларга Қуёш нуридан ёруғлик тушади деган қарашларига қарши чиқаркан, юлдузлар ўз ёруғлиги билан порлайди, шунингдек, сайёралар ҳам ўзи нур сочади, дея таҳмин қилган. 1032 йил 24 май куни Зуҳра сайёраси Қуёш гардишидан ўтаётганини кузатганини маълум қилган. Бироқ, ҳозирги замон олимлари мазкур ўтиш айнан шу ерда ва шу вақтда бўлганлигига гумон қилишади. Бу кузатувдан у птоломей космологиясига биноан, Зуҳра сайёраси гоҳида Ерга Қуёшдан кўра яқиноқ келишини асослаш мақсадида фойдаланган.
Ибн Сино, шунингдек, Птоломей китобига изоҳи билан Алмагест компедиумини ёзган.
Гургандалигида Ибн Сино шу шаҳарнинг жўғрофик координатлари ҳақида рисола ёзган. Ибн Сино Абу –л –Вафо ва ал-Берунийлар қўллаган усулдан фойдалана олмаган ва янги усулни таклиф қилган. Унга кўра, у Ойнинг энг баланд нуқтасининг ўлчами ва Боғдод баландлигини таққослаш орқали сферик тригонометрия қоидалари асосида ҳисоблашни таклиф қилган.
“Кузатилинаётган асбобни лойиҳалашда бошқа усуллардан афзал усул китоби”да Ибн Сино ўзи ихтиро қилган кузатув асбобига таъриф бераркан, унинг фикрича, астролябияни ўрнини босиши керак бўлган; бу асбобда ўлчовни аниқлаш учун илк бора нониус усулидан фойдаланилган.
Механика
Ибн Сино тўпланган (ёки қайд қилинган) куч назариясига катта хисса қўшган. Бу – ўрта аср ҳаракат назарияси бўлиб, тана сарф қилган ҳаракат (кейинроқ импетус номини олган) шундай кучки, у ташқи манбалардан тўпланган. Унинг фикрича, “ҳаракатга келтирувчи куч” (инсон қўли, таранг тортилган камон ипи, палақмон ва бошқалар) ҳаракатланаётган танага баъзи “интилиш” ҳақида хабар беради, гўё олов сувга иссиқлик узатгани каби. Ҳаракатга келтирувчи куч ўрнида, шунингдек, оғирлик ҳам бўлиши мумкин.
“Интилиш” уч хил бўлади: руҳий (тирик жонзотларда), табиий ва ғайритабиий. “Табиий интилиш” оғирлик ва тана тушиши натижасида юзага келади, яъни Арасту таълимотига кўра тананинг табиий ҳаракат ҳолатида. Бундай ҳолатда “интилиш” ҳаракатсиз тана ҳолатида ҳаракатга қаршилик кўрсатган ҳолда бўлиши ҳам мумкин. “Ғайритабиий интилиш” филопоновск ҳаракатланаётган куч аналоги бўлиб, у ташланган тананинг “ҳаракатга келтирувчи куч”ига хабар беради. Бўшлиқда “ғайритабиий интилиш” ўзгармаганда эди, тана бетиним ҳаракатни амалга ошира олган бўлар эди. Бунда олим инерция тушунчасини олдиндан кўрганлигини пайқаш мумкин, лекин Авиценна бўшлиқ тушунчасига ишонмаган. Ибн Сино “Ғайритабиий интилиш”га миқдорий баҳо беришга уринган: унинг фикрига кўра, у вазн ҳамда тана ҳаракати тезлигига тенг.
Эҳтимол, Ибн Синонинг лотин тилидаги сарфланган куч ҳақидаги ғоялари Ғарбда машҳур бўлиб, Буриданнинг импетус назарияси ривожига замин бўлгандур.
Фалсафа
Ибн Сино метафизика фани тушунчасида Арасту изидан борган. Ал Фаробийдан кейин у мавжудлик ва мавжуд эмаслик ўртасидаги фарқни бошқаларга нисбатан ҳамда мавжудлик ва мавжуд эмаслик ўртасидаги фарқни ўзига нисбатан кўрсатади. Ибн Сино Яратганнинг абадий эканлигини таъкидлайди. Абадийлик тушунчасини Ибн Сино эманациянинг нооплатоник тушунчаси ёрдамида тушунтириб, шу орқали у бошланғич ягоналикдан кўплик жонзотлар дунёсига ўтишни мантиқий ёритиб берган. Бироқ, коинотга бир киши келиб чиқишининг якуний натижаси сифатида эмас, балки барча ихтиёрий мавжудоднинг зарур элементи сифатида қараб, нооплатоник тушунчадан фарқли равишда, эманация жараёнини самовий осмон олами билан чегаралаб қўйди. Коинот уч оламга бўлинган: моддий дунё, яралмаган абадий қиёфа дунёси ва дунёнинг барча хилма-хилликларини ўзичда жалб қилган дунё. Инсон танаси ва қалб бирлиги тирик жонни ҳосил қилади; фалсафий фикрловчи инсонга ақлли қалбни қабул қилишга мойил тана асос бўлади. Мутлоқ ҳақиқатга фикрлаш жараёнининг энг юқори нуқтасида ҳозир бўлувчи ички ҳиссиёт орқали эришилади.
Ибн Синонинг тасаввуф асарлар доирасига “Қушлар ҳақида китоб”, “Севги ҳақида китоб”, “Дуо моҳияти ҳақида китоб”, “Зиёратчилик моҳияти ҳақида китоб”, “Ўлимдан қўрқишдан ҳалос бўлиш ҳақидаги китоб”, “Қисмат китоби” кабилар киради.
Танқид
Авиценнанинг фалсафий қарашларига доир ғоялари тарафдорлари ҳамда унга қаршилар ўртасида ўткир кураш олиб борилган. Токи, унинг фалсафаси инсонни Худодан узоқлаштиришини айтиб айблашган. Шунга қарамай, кўпчилик сўфийлар Авиценнанинг фалсафий услубига тақлид қилишган.
Муҳаммад ал-Ғазалий ўзининг машҳур “Файласуфларни рад қилиш” китобида Ибн Сино фалсафасини раддия қилишга ҳаракат қилган. Бошланғич ва адабийлик таълимотига қарши чиққан, зеро, ал Ғазалийнинг фикрига кўра, бу – ислом монотеизмига қарши чиқиб, дуализмга олиб келади. Ал Ғазалий, шунингдек, Худо дунёни ихтиёрсиз равишда, табиий зарурият сабабли яратади, дея юритилувчи эманация нуқтаи назарини ҳам рад этади. Шу билан бирга, у Ибн Синонинг тана қайта тирилишининг имконсизлиги ва бесабаблиги ҳақидаги назариясига қўшилмаган.
Кейингроқ XII асрнинг мутафаккирларидан Муҳаммад Шаҳристоний ўзининг “Китаб ал Мусараа” асарида ҳамда Фаҳруддин Розийлар ал Ғазалий йўлидан кетишган. Шарқий перипатетизм ғоясини ҳимоя қилиб, XII асрда ибн Рушд ўзининг “Раддиятларни рад этиш” китобини тақдим қилади. Натижада, Ибн Сино ғояларини Наср ад-Дин ат-Тусий ҳимоя қилиб чиқади.
Психология
Ибн Сино, шунингдек, темперамент ва инсон характери ҳақида ўз таълимотини ишлаб чиққан. Унга кўра, инсон мижози тўртга бўлинади: иссиқ, совуқ, нам ва қуруқ (замонавий психологиядаги тўрт мижозга мос равишда). Мазкур мижозлар турғун эмас, балки метеорологик ва ҳаво ўзгариши каби ташқи ёки ички омиллар натижасида ўзгаради. Организмдаги суюқлик даражаси ҳам инсон мижозига ўзгаришлар киритиши мумкин. Оддий мижоз турлари билан бирга, Авиценна яна тўрт мукаммал мижозни ажратиб, улар организмдаги тўрт суюқликдан бири (қон, шиллиқ, сариқ ва қора сафро) устун келишига кўра тусланишини баён қилган.
Адабиёт
Ибн Сино ўзининг кўпгина илмий ишларини тўртликлардан фойдаланиб, достон кўринишида ёзган. Шундай шаклда “Севги ҳақида рисола”, “Қушлар ҳақида рисола” ва бошқа асарлари ёзилган. Ижоди намуналари орасида шеърий тўртликлар ҳамда рубоилар ҳам учраб туради.
Ибн Синонинг асосий адабий асарлари — фалсафий киноя-қисса “Хай ибн Якзан”, йигирмата икки мисрали “Қушлар” байти, “Саломон ва Абсал”. Мазкур асарлар ва рубоилар араб, эрон ва турк адабиёти ривожида катта ўрин эгаллайди. Жумладан, XII аср эрон ижодкорларидан мумтоз шоир Умар Хайём Ибн Синони ўз устози деб билган.
Нашр қилинган асарлари
- Ибн Сино. Дониш нома. Донишмандлик китоби. Сталинабад, 1957.
- Ибн Сино. Тиббиёт фани қонуни: В 5 т. — Тошкент, 1956—1960.
- Ибн Сино. Математик сатрлар “Донишмандлик китоби” Душанбе, 1967.
- Ибн Сино. Севги мактуби. — Тбилиси: Мецниереба, 1976.
- Ибн Сино. Сараланган. — М.: Книга, 1980.
- Ибн Сино. Сараланган фалсафий асарлар. — М.: Наука, 1980.
- Ал-Беруний. Ибн Сино. Ёзишмалар. — Тошкент: Фан, 1973.
Мусиқа
Авиценна, шунингдек, мусиқа назариясига оид асарлар ҳам ёзган бўлиб, улар ижодкорнинг энциклопедик ишларининг бир қисмидир:
- “Даво китоби”да “Илмда мусиқий тўплам”;
- “Нажот китоби”да “Мусиқа ҳақида кичик баён”;
- “Билимлар китоби” даги мусиқа бўлими.
Назарий нуқтаи назардан Ибн Сино ўрта аср анъаналарига кўра мусиқани математик билимлар тоифасига киритган. У мусиқага товушларни ўрганувчи, уларниг мутаносиб жўрлиги натижасида куй ҳосил бўлувчи фан деб қараган. Пифагор таълимотидан келиб чиққан ҳолда, у мусиқа сонларга тегишли ва улар билан узвий боғлиқдир, деб билган.
Ибн Сино тарихда биринчи бўлиб мусиқага фақат математик фан эмас, балки жамиятшунослик, психология, поэтика, этика ва физиология нуқтаи назаридан ҳам қараб, мусиқа тарихига пухта илмий таянчни асослайди.
Ал Фаробий билан биргаликда у мусиқий асбоблар илмига асос соладики, кейинчалик, кечроқ бўлсада, Оврупада ўз ривожини топади. У мусиқий асбоблар типига батафсил тасниф беради ва уларнинг тузилишини тушунтириб ўтади. “Билимлар китоби”нинг олтинчи бўлимида, деярли барча мусиқий асбоблар таърифи билан келтирилган. Ал Фаробий ҳамда Ибн Синонинг мусиқий асбобларни ўрганишга доир ишлари натижасида мусиқа фанидаги махсус фан бўлиб қолувчи мусиқий асбобшунослик фанига асос солинган.
Буюк олим Ўрта Осиёда кенг тарқалган камонли асбоб бўлмиш ғижжакни ҳам ихтиро қилган.
Хотира
- Унинг шарафига Карл Линней Акант оиласига мансуб ўсимликни Авиценния деб номлайди.
- Тожикистонда Авиценнанинг шарафига Тожикистон давлат медицина университети ҳамда аввалроқ “Ленин тоғи” номи билан маълум тоғ чўққиси номланган.
- Душанбе шаҳрида унинг шарафига майдон номланиб, азарбайжонлик ҳайкалтарош Умар Элдаров томонидан ясалган олимнинг ҳайкали ўрнатилган.
- 2009 йил июнь ойида Эрон ҳукумати томонидан Венадаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бўлимига ҳозирда Вена халқаро маркази Мемориал майдонидан жой олган Форс олимлари павильонини тортиқ этади. Форс олимлари павильони ўз ичига тўрт машҳур олимларни олган: Авиценна, Беруний, Зокирий Розий (Рейз ҳамда Умар Хайём).
- Ўзбекистоннинг Афшона қишлоғида Авиценна музейи мавжуд.
- 1990 йил Бухорода Абу Али ибн Сино шарафига номланган медицина институти очилган.
- Ригадаги Гайльэзерс касалхонаси мажмуаси паркида 2006 йил Абу Али ибн Сино ҳайкали очилган. Жалолиддин Миртожиев иши.
- Совет ва россиялик астроном Людмила Иванова Черных томонидан 1973 йил 26 сентябрда очилган Авиценна астероидига Ибн Сино номи берилган.
- Ибн Сино шарафига Ойдаги вулқон номланган.
- Кардиограммалар ва кўкрак безларининг рентген суратини автоматик ўрганиш учун IBM томонидан яратилган дастур Авиценна номини олган.
Кўчалар Ибн Сино номини олган:
- Самарқандда,
- Бухорода,
- Уст-Каменогорсксда,
- Уч Қўрғон (Ўзбекистон) туманида Ибн Сино кўчаси
- Донецкда Авиценна кўчаси
- Анқара шаҳрида Ибн Сино ҳайкали
- Ҳамадонда Ибн Сино ҳайкали
Бадиий адабиёт
- «Абугалисина» (тат. Әбүгалисина) — Қаюм Носирнинг татар тилидаги Ибн Сино ҳақида қисса-эртаги.
- Ной Гордон ўзининг «The Physician» (1988) романида ўз давринниг буюк устози бўлмиш Ибн Синодан шифокорлик санъатини ўрганиш учун ёш инглиз ўғлони ўзини яҳудий деб таништириши ҳақида сўзловчи ҳикоя ёзган.
- 2011 йил испан ёзувчиси Эсекьель Теодоро “Авиценнанинг қўлёзмаси” («El Manuscrito de Avicena») романини нашрдан чиқаради, унда форс шифокори ҳаётининг айрим лаҳзаларини тасвирлайди.
Киноматографияда
- “Авиценна” фильми (1956), режиссёр Комил Ёрматов.
- Авиценнанинг ёшлик ва ўспирин йилларига бағишланган Ўзбекфильм ҳамда Тожикфильм киностудияси томонидан ишланган “Донишманднинг ёшлиги” фильми (1982). Фильм режиссёри Элёр Ишмуҳамедов.
- Олимнинг ёшлик йилларидан то вафот этгунча ҳаётидан ҳикоя қилувчи 1987 йил суратга олинган “Авиценна” («Bu-Ali Sina») телесериали.
- 2013 йил Н. Гордоннинг китоби асосида («The Physician») Филипп Штёльцнинг “Шифокор: Авиценнанинг шогирди” фильми экранга чиқди.
Ибн Синонинг ҳаёти ва асосий қарашлари (980-1037)
Бутун дунёга донғи кетган файласуф, олим… “Файласуфларнинг раиси”, “Устозларнинг устози” номларини олган. Шарқда шайхурраис, Ғарбда Авиценна ўлароқ танилган Абу Али ал-Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн Сино Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида дунёга келган. Отасининг исми Абдуллоҳ, онасининг исми Ситора эди.
Ўткир заковатга эга Ибн Сино ўн ёшида Қуръони каримни ёдлади, Бухоро ва Самарқандда даврининг машҳур олимларидан адабиёт, фиқҳ, математика, физика, мантиқ, астрономия, метафизика, тиббиёт ва фалсафа бўйича дарслар олди.
Ислом дунёсида Киндий билан бошланган, Форобий билан тизимлашган фалсафа Ибн Сино билан чўққига чиқди. Унинг тафаккурини озиқлантирган икки муҳим манба бор: ислом дини (Қуръон ва ҳадислар) ҳамда Арасту ва қадимги юнон фалсафаси.
Ибн Синонинг отаси самонийлар саройида котиб эди. Унинг ўзи ҳам талабалик давридаёқ давлат ишларида ишлади, вақти келиб ҳукмдорларга маслаҳатчи ва вазир бўлди, маъмурий ва сиёсий лавозимларда фаолият олиб борди. Рай шаҳрида ҳукмдор Фахруддавланинг ўғлини ва Ҳамадонда қулунж касаллигига чалинган Шамсуддавлани даволади.
Изланишларида кузатув ва синаш усулидан фойдаланган Ибн Сино инсоннинг нафақат жисми, балки руҳияти ҳақида ҳам маълумот берди, жисмоний касалликлар билан бир қаторда руҳий касалликларни ҳам даволади.
Таъсирлари
Ибн Сино тиббиётдан тортиб астрономиягача, фалсафадан тортиб тафсиргача бўлган турли йўналишларда асарлар ёзган энциплопедик олим эди.
У асарлари ва ўзига хос фалсафий қарашлари билан асрлар давомида нафақат мусулмон мутафаккирларга, балки ғарблик олимлар ва файласуфларга ҳам таъсир кўрсатди. “Тиб қонунлари” асарини 1187 йилда вафот этган Жерар де Кремон лотинчага ўрирган эди. Ушбу асар касалликларни таснифлаш ва касаллик аломатларини тизимли ўрганиш нуқтаи назаридан ҳатто Уйғониш давридан кейин ҳам ўз аҳамиятини йўқотмади ва саккиз аср мобайнида қўлланма вазифасини ўтади.
XVII асрда кашф қилинган сув ва ҳаво босими ҳақида етти аср аввал Ибн Сино ёзиб қолдирган эди. У кўзнинг рангдор пардаси ҳақида тўлиқ изоҳот ёзди.
Имкон далили
Космологик далиллар гуруҳига оид имкон далили ҳақида Ибн Сино қуйидача фикр билдирган:
“Атрофимизга қараганимизда, борлиги мумкин бўлган кўплаб нарсаларни кўрамиз. Бор бўлган нарса ё ўз-ўзининг сабабидир, ёки унинг бор бўлишига бошқа сабаб бор. Агар у ўзининг сабаб бўлса, бор бўлишда ўзи ўзидан аввал бор бўлиши зарур, бу эса сафсатадан бошқа нарса эмас. У ҳолда борлиги мумкин бўлган ҳамма нарсанинг бор бўлиш учун бошқа нарсага, яъни сабабга эҳтиёжи бор. Бирор мумкин нарсага сабаб бўлган мавжудлик ё ўзи-ўзидан мумкин, ёки мажбурий равишда мавжуд. Агар сабаб бўлган мавжудлик ҳам мумкин бўлса, унинг ҳам бошқа сабабларга эҳтиёжи бўлади, бу занжир шу тариқа давом этиб кетаверади. Тасалсул (узлуксизлик) деб аталувчи бу жараённинг бўлиши мумкин эмас. Ундай бўлса, мавжудликни вужудга келтирган сабаб мажбурий мавжудлик бўлиши керак. Бу мажбурий мавжудлик, шубҳасиз, Аллоҳдир”.
Ибн Сино “Ал-Ишорат” асарида Аллоҳни шундай таърифлаган эди:
“Аллоҳнинг на ўхшаши, на зидди бор. Унинг жинси ҳам, фасли ҳам йўқ, шу сабабли таърифи ҳам йўқ. Шундай экан, очиқ-ойдин ақлий ирфондан ташқари ҳеч бир нарса билан Унга ишора қилиб бўлмайди. Аллоҳ ўз-ўзидан мавжуд зотдир. У ҳар қандай тобеликдан, кучсизликдан, камчиликдан, моддадан пок ва узоқдир. Ана шу хусусиятлар ичида Ўзи Ўзини билгувчи ва Ўзи яна Ўзи томонидан билингувчидир”.
Амин Ариқ
Таржимон: Аброр Адҳам ўғли
(давоми бор)
Марказий Осиё халқлари маданиятини ўрта аср шароитида дунё маданиятининг оддинги қаторига олиб чиққан буюк мутафаккирлардан бири Абу Али ибн Сино бўлиб, у Оврўпода Авиценна номи билан машҳурдир.
Ибн Сино (асл исми Ҳусайн, отасининг исми Абдуллоҳ) Бухоронинг Афшона қишлоғида ҳижрий 370 (980) йилнинг сафар ойида, амалдор оиласида туғилди. 986 йилда ибн Сино оиласи Бухорога кўчиб келади ва шу вақтдан бошлаб ёш Ҳусайн бошланғич маълумот олишга, илм-фанни ўрганишга киришади. Унинг ёшлиги, йигитлик чоғлари сомонийлар ҳукмронлигининг сўнгги йилларига, хусусан Нуҳ II ибн Мансур Сомоний ҳукмронлиги даври (976–997) га тўғри келади.
Йбн Сино истеъдодли, хотираси кучли, зеҳни ўткир бўлганлигидан ўз даврида маълум бўлган илмларни тездан эгаллай бошлади. 10 ёшидаёқ Куъони Каримни бошдан-оёқ ёд ўқир эди. 13 ёшларидан бошланғич математика, мантиқ, фиқҳ, фалсафа илмлари билан шуғуллана бошлайди. Ибн Сино ёш бўлишига қарамай, Абу Абдулло Нотилий раҳбарлигида фалсафани, Ҳасан ибн Нуҳ ал-Қумрийдан тиббиёт илмини ҳар томонлама ўрганади, аста-секин табиблик билан ҳам шуғулланади. У ўзидан аввал ўтган Шарқ мутафаккирларининг асарларини чуқур ўрганиш билан бирга, қадимги юнон табиий-илмий, фалсафий меросини, хусусан Аристотель, Евклид, Птолемей, Гален, Гиппократ, Пифагор, Порфирийларнинг асарларини ҳам қунт билан ўрганди. 16–17 ёшидаёқ ибн Сино машҳур табиб – ҳаким бўлиб танидци. 999 йилда Бухоро Қорахонийлар томонидан забт этилгач, Сомонийлар ҳокимияти инқирозга учради. 1000 йилда ибн Сино Бухородан чиқиб кетди ва маданият марказларидан бири ҳисобланган Хоразмга борди, у ерда Хоразм ҳокими Али ибн Маъмун саройидаги олимларни бирлаштирган ўз замонасининг академиясига қабул қилинди. Ибн Сино Беруний, ибн Мискавайҳ, Абу Саҳл Масиҳий, Абулхайр Ҳаммор, Абу Наср ибн Ироқ каби етук олимлар билан яқиндан танишди. Лекин бу даврда кучайиб бораётган Маҳмуд Ғазнавийнинг таъқибидан қочиб, Хоразмни ташлаб кетишга ва Хуросон, Эроннинг турли шаҳарларида сарсон-саргардонлиқда юришга мажбур бўлди. Абивард, Тус, Нишопур шаҳарлари орқали Журжон шаҳрига келган ибн Сино ҳоким Қобус ибн Вашмгир саройида машҳур табиб сифатида яшади, бўлажак шогирди Жузжоний билан танишди. 1019–21 йилларда Ҳамадонда вазир лавозимида хизмат қиларкан, ҳоким билан келиша олмай, 4 ой қамоқда ётиб чиқди. 1023 йилда Исфаҳонга қочди ва бугун умрини илмий асарлар ёзишга бағишлади. Ибн Синонинг “Китоб ал-қонун фит-тибб”, “Китоб ун-нажот”, “Китоб ул-инсоф” каби машҳур асарлари, геометрия, астрономия, ўсимлик, ҳайвонот олами, мантиққа оид рисолалари, “Ҳайй ибн Яқзон” фалсафий қиссаси сўнгти йилларда ёзилган. У Исфаҳонда расадхона қуриш билан машғул бўлди. Умрининг сўнгти йилларида феодал урушлар кучайиб кетганлиги, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ўзи ҳам фаол қатнашганлиги туфайли у Исфаҳон, Рай, Ҳамадон шаҳарлари орасида сарсон-саргардонлиқда юриб, 1037 йил 18 июнда Исфаҳон шаҳрида 57 ёшида қулунж касаллигидан вафот этди.
Ибн Синонинг ҳаёт йўли ўзи ёзган таржимаи ҳоли ва шогирди Жузжоний томонидан қолдирилган манбалардан маъпум. Ибн синонинг илмий қизиқишлари, дунёқарашининг шаклланишида қадимги Шарқ маданияти, юнон илми, фалсафаси, Марказий Осиё халқларининг мустақиллик учун олиб борган курашлари муҳим роль ўйнади. Ибн Сино таржимаи ҳолида Форобийнинг “Метафизика мақсадлари”, “Фусус ул-ҳикам” каби муҳим рисолаларини қунт билан ўрганганлиги, улардан кенг фойдаланганлигини таъкидлаб ўтади.
Ибн Сино асарларининг умумий сони 450 дан ошади, лекин бизгача фақат 160 га яқин асари етиб келган, холос. Кўп рисолалари шаҳарма-шаҳар кўчиб юриш, феодал урушлари, сарой тўполонлари, турли фалокатлар туфайли йўқолиб кетган. Кўп манбаларда ибн Сино аввало табиб сифатида талқин этилади, ҳолбуки табобат унинг илмий соҳалари орасида энг муҳимларидан биридир, холос. Ибн Сино асарларининг асосий қисми Яқин ва Ўрта Шарқнинг ўша давр илмий тили ҳисобланган араб тилида, баъзилари форс тилида ёзилган. Унинг бизга маълум бўлган катта асари “Китоб уш-шифо” (“Шифо китоби”) 22 жилддан иборат бўлиб, 4 та катта бўлимини мантиқ, физика, математика, метафизикага доир масалалар эгаллаган. Унинг айрим қисмлари лотин тилига, Оврўподаги бошқа тилларга, шарқ тилларига, шунингдек, рус, ўзбек тилларига таржима килинган. 20 жилддан иборат бўлган “Китоб ул-инсоф” (“Инсоф китоби”) бизгача етиб келмаган, чунки Исфаҳондаги ёнғинда йўқолган. “Китоб ун-нажот” (“Нажот китоби”) 4 катта кисмдан – мантиқ, физика, математика, метафизикадан иборат, “Китоб лисон ул-араб” (“Араб тили китоби”) 10 жилдни ташкил этади. “Донишнома” форс тилида ёзилган бўлиб, 4 қисмни – мантиқ, физика, математика, метафизикани ўз ичига олади (Рус тилига таржима этилган, бир қисми ўзбек тилида босилган).
Ибн Сино асарлари ўрта асрларда Оврўпода илмий тил ҳисобланган лотин тилига, у оркали Оврўпонинг бошқа тилларига таржима этилган. Ибн Сино илмий рисолалардан ташқари, чуқур фалсафий мазмунли бадиий образлар ва маълум воқеалар орқали ифода этувчи “Тайр қиссаси”, “Саломон ва Ибсол”, “Ҳайй ибн Яқзон” каби фалсафий қиссалар яратган.
Ибн Сино замонасининг етук шоири ҳам бўлган. У Шарқ, хусусан, форс поэзиясида рубоий жанрининг асосчиларидан бири бўлиб, рубоийлари ўзида чуқур фалсафий хулосаларни ифодалайди. Ибн Сино арабча қитьалар ҳам ёзган (Унинг шеърий мероси қисман рус ва ўзбек тилларида нашр этилган). Ибн Сино табобат масалаларини оммабоп ҳолда назм билан изоҳловчи “Уржуза” номли тиббий асар яратди. Унинг Аристотель (Арасту) таълимоти хусусида Абу Райҳон Беруний билан ва ўзининг шогирди – озарбайжонлик мутафаккир Бахманёр билан ёзишмалари фан оламида машҳур. Айниқса, табобат, у билан боғлиқ ҳолда анатомия, психология, фармакология, терапия, хирургия, диагностика, гигиена каби илмлар ибн Сино ижодида бир қанча янги ихтиролар билан бойиди ва янги босқичга кўтарилди. Булардан ташқари, кимё, минералогия, астрономия, математика, ўсимлик дунёси, геологик жараёнларни ўрганиш соҳасида ҳам у янги-янги фикрларни олға сура олди. Ибн Синонинг тиббиёт соҳасидаги асарларидан “Китоб ал-қонун фит-тибб” (“Тиб қонунлари”), “Китоб ул-қуланж” (“Ичак санчиқлари”), “Китоб ун-набз” (“Томир кўриш ҳақида китоб”), “Фуж ул-тиббийа жориа фи мажлисиҳ” (“Тиб ҳақида ҳикматли сўзлар”), “Тадбир ул-манзил” (“Турар жойнинг тузилиши”), “Фил-ҳиндубо” (“Сачратқи ўсимлиги ҳақида”), “Рисола фи-дастур фит-тиббий” (“Тиббий кўрсатмалар ҳақида”) каби асарлари мавжуд. Унинг тиббиётга оид қомусий асари “Китоб ал-қонун фит-тибб” 5 мустақил катта асардан таркиб топган: уларнинг ҳар бири маълум соҳани изчил, ҳар томонлама ёритиб беради.
Биринчи китобда тиббиётнинг назарий асослари, унинг предмети, вазифалари, бўлим ва методлари, касалликнинг келиб чиқиш сабаблари, белгилари, соғлиқни сақлаш йўллари, киши анатомияси ҳақида мазмундор, аниқлиги билан кишини таажжубда қолдирувчи қисқача очерк, соғлиқни қандай сақлаш кераклиги ҳақидаги таълимот (кейинчалик гигиена деб номланган) баён этилади.
“Қонун”нинг бу китобини ҳозирги замон ички касалликлар пропедевтикаси дарслигига тенглаштириш мумкин.
“Қонун”нинг оддий дориларга бағишланган иккинчи китобида 800 га яқин дорининг хусусиятлари, уларни тайёрлаш ва истеъмол қилиш усуллари баён этилган. Ибн Сино симоб, унинг бирикмаларини дори қилиб ишлатишни биринчи бўлиб тавсия этади, шаробни қувватга киритувчи, жароҳатларни тозаловчи дори сифатида ишлатади.
Учинчи китобда айрим органлар (ҳатто соч, тирноқлар)нинг касалликлари, уларни даволаш усуллари баён этилади, уни махсус патология дарслиги деб атаса ҳам бўлади. Бу китобда бош мия, нерв, кўз, қулоқ, бурун, томоқ, қорин, тиш, юрак, жигар, буйрак касалликлари батафсил таҳлил қилинади.
“Қонун”нинг тўртинчи китоби организмнинг умумий касалликларига бағишланган. Унда иситмалар, ўсмалар, уларнинг сабаби, хирургик касалликлар (суяк синиши, чиқиши, жароҳатланиш) ва уларни даволаш усуллари ҳар хил дорилардан заҳарланиш ва бунда кўриладиган чоралар тўғрисида маълумот берилади. Чечак, қизамиқ, мохов, тоун, вабо ва бошқа юқумли касалликлар тасвир этилади.
“Қонун”нинг бешинчи китобида мураккаб дориларнинг организмга таъсири, уларни тайёрлаш, истеъмол қилиш усуллари баён қилинган. Бу китоб доришунослик илмига – фармакологияга бағишланган.
Тиббиётнинг асосий вазифаси, унинг таъбирича, “инсон соғлиғини сақлаш, агар касаллик пайдо бўлган бўлса, бу касалликни келтириб чиқарган сабабларни аниқлаш ва уларни йўқотиш орқали соғлиқни тиклашдан иборат”. Ибн Сино фикрича, тиб илмида назарий билимлар ва амалиёт ўзаро боғлиқ бўлиши, бир-бирига асосланмоғи зарур, акс ҳолда у ривож топмайди, ўз мақсадига эриша олмайди. “Тиб илми аввало икки қисмга – назарий ва амалий қисмларга бўлинади… Назария деб аталувчи қисми табибларнинг фикрларини ифода қилиб, махсус амалия деб аталадиган қисми тадбир ва амалнинг қандай бўлиши кераклигини ўргатади. Тибнинг амалий қисми иккига бўлинади. Биринчи қисми соғлом танларнинг тадбирини билиш: бу соғлиқни сақлашга тааллуқли бўлгани учун соғлиқни сақлаш илми деб аталади. Иккинчи қисми – касал таннинг тадбирини билиш бўлиб, соғлом ҳолатга қайтариш йўлларини кўрсатади, бу даволаш илми деб аталади”. Ибн Сино касалликни ўрганишда объектив шароитни ҳар томонлама билишга катта аҳамият берди, муҳитдаги турли табиий нарсалар, сув, ҳаво орқали касаллик тарқатувчи кўзга кўринмайдиган “майда ҳайвонотлар” ҳақидаги фикрни олға сурди.
“Қонун” 800 йил давомида ҳакимлар учун асосий кўлланма бўлиб келди. Ўрта асрларда “Қонун” Шарқдагина эмас, балки Ғарб мамлакатларининг университетларида ҳам талабалар учун тиббиётдан ягона қўлланма эди.
Ибн Синонинг “Китоб уш-шифо” асарида турли тиббиёт имларига: ботаника, геология, минералогия, астрономия, математика, кимёга оид кўп маълумотлар келтирилади. Унинг тоғларнинг вужудга келиши, ер юзасининг даврлар ўтиши билан ўзгариб бориши, зилзиланинг сабаблари каби турли жараёнлар ҳақидаги фикрлари кейинчалик геология илмининг мустақил равишда ривож топишига катта таъсир кўрсатди. Айрим жойларнинг бир вақтлар денгиз бўлганлиги, шу сабабли қаттиқ қатламларда турли денгиз ҳайвонларининг излари сақланиб қолганлиги ҳақида ҳам турли мисоллар асосида фикр юритилади; метеоритлар, вулканлар ҳақида маълумотлар келтирилади. Минералогия илмининг ривожида ҳам ибн Синонинг хизмати катта. У минералларни 4 гуруҳга ажратади: 1) тошлар; 2) эрийдиган жисм (метал)лар; 3) олтингугуртли ёнувчи жисмлар; 4) тузлар.
Кимёда ҳам ибн Сино замонасининг билимларини умумлаштиришга ҳаракат қилиб, турли асарлар ёзди, тажрибалар ўтказди. Хусусан, унинг органик кимё соҳасидаги фикрлари кейинги давр мутахассислари томонидан юқори баҳоланди. У оддий металлни қимматли металлга айлантириш устида фиқр юритувчи алхимикларни танқид қилди. Ибн Сино астрономия соҳасида Птолемейнинг геопентрик назариясидан ташқарига чиқмаган бўлса-да, табиий ҳодисаларнинг ички сабабий боғланишини аниқлашга ҳаракат қилди, инсон ҳаёти ва ижтимоий ҳодисаларни осмон жисмлари ҳаракати, ҳолатига боғловчи астрологияга шубҳа билан қаради, турли тажрибалар ўгказиш учун янги астрономик асбоб яратиш, ботаникада турли ўсимликларнинг табиий хусусиятларини ўрганиш, илмий терминология яратиш соҳасида иш олиб борди.
Ибн Сино дунёқараши Форобий асарлари таъсирида шаклланди, у ижтимоий-фалсафий масалаларда Форобий қарашларини давом эттирди, илғор фалсафий оқимни янги табиий-илмий фикрлар билан бойитиб системалаштирди ва янги босқичга кўтарди. Ибн Сино фикрича, фалсафанинг вазифасига мавжудотни – барча мавжуд нарсаларни, уларнинг келиб чиқиши, тартиби, ўзаро муносабати, биридан иккинчисига ўтишини ҳар томонлама текшириш учун зарурият, имконият, воқелик, сабабият принципларини асос қилиб олади. Олам – барча мавжуд нарсалар иккига бўлинади: зарурий вужуд (вужуди вожиб) ва имконий вужуд (вужуди мумкин). Зарурий вужуд ҳеч нарсага боғлиқ бўлмаган бир бутунликни ташкил этиб, у энг иродали, қудратли, доно Тангридир. Қолган ҳамма нарсалар имконий тарзда мавжуд бўлиб, зарурий вужуд – Тангридан келиб чиқади. Вужуди вожиб ва вужуди мумкин – сабаб ва оқибат муносабатидадир. Бу жараён эманация тарзида, яъни қуёшдан чиқаётган нур шаклида аста-секин амалга ошади. Шу тартибда имконият шаклидаги мавжуд бўлган ақл, жон (нафс) ва жисм, улар билан боғлиқ ҳолда осмон сфералари келиб чиқади, мавжуд нарсаларга айланади. Булар ҳаммаси субстанция (жавҳар)дир. Бундан ташқари борлиқда акциденция (образ) – нарсаларнинг белгилари, ранг, ҳажми, ҳиди ва бошқа ҳислари мавжуд. Жисм шакл ва модда (хаюло)дан ташкил топади. Худо абадий, унинг оқибати бўлмиш материя ҳам абадийдир. Унинг ўзи бошқа конкрет жисмларнинг асосидир. Нарсаларнинг конкрет кўринишлари, шакллари ўзгаради, лекин уларнинг моддий асоси йўқолмайди. Материя доим вужудга келиши мумкин бўлган нарсалардан аввал мавжуд бўлиб, бу нарсалар уларни ташкил этувчи материяга муҳтождир. Материянинг энг содда, бўлакларга бўлинмайдиган шакли тўрт унсур: ҳаво, олов, сув, тупроқдан иборат. Уларнинг турлича ўзаро бирикуви натижасида мураккаб моддий нарсалар ташкил топади. Мураккаб нарсалар ўзгариб, турли шаклларга эга бўлиши мумкин, лекин уларнинг моддий асоси бўлган тўрт унсур йўқолмайди, абадий сақланади. Унинг фикрича, аввал тоғ-тошлар, сўнг ўсимлик, ҳайвонот ва тарақкиётнинг якуни сифатида инсон вужудга келган. Инсон бошқа барча ҳайвонот оламидан сўзи, тили ва акди, тафаккур қилиши билан фарқ қилади.
Реал ҳодисаларни чуқур билиш, фан билан шуғулланиш инсонгагина хосдир. Ибн Сино “Рисолатун фи тақсим ал-мавжудот” асарида бутун борлиқни таркибий қисмларга бўлиб, бирма-бир санайди ва уларга таъриф бериб ўтади. Вужуди вожиб, вужуди мумкин, субстанция, акциденция, материя, шакл, ақл, унсур, жисм, қувват, сезиш, минерал, ҳайвон, нутқ, лисон каби категориялар бу рисолада кисқача таърифланади.
Инсон билимлари нарсаларни билиш ёрдамида вужудга келади. Билиш ҳиссий билиш ва тушунчалар ёрдамида фикрлашдан ташкил топади. “Сезиш, – деб ёзган у, – бу шундай таъсирки, у ташқи нарсаларнинг ўзи бўлмай, балки бизнинг ҳисларимизда вужудга келади. Ҳис моддий образнинг ойнаси бўлиб, модций шаклларнинг бўйи, эни билан бирга ифодаланганлиги сабабли, уларни инсон моддий асоссиз инъикос эта олмайди ва жисмларни билолмайди”.
Инсон ақли турли фанларни ўрганиш ёрдамида бойийди, ривож топади. Бунда, хусусан, у мантиқ илмига катта эътибор беради. Ақл ҳар қандай билишнинг ва амалий фаолиятнинг мезони сифатида талқин этилади. “(Ақл) тарозисида ўлчанмаган ҳар кандай билим, – деб ёзади ибн Сино, – чин бўлолмайди, демак, у ҳақиқий билим эмас”. Ўрта асрда Яқин ва Ўрта Шарқ, жумладан, Марказий Осиё фалсафасида ақл назарияси жуда муҳим ўрин эгаллайди.
Ибн Сино ижодида фаннинг структурасини текшириш, илмларнинг тартибини аниқлаш, уларни тасниф қилишга эътибор алоҳида ўрин эгаллайди. Бу масалада ҳам олим Форобий бошлаб берган фанлар таснифи ҳақидаги масалани янада тараққий этиришга ҳаракат қилади. Ибн Синонинг фалсафий системасини ифодаловчи асарларида (“Китоб уш-шифо”, “Китоб ун-нажот”, “Донишнома”) фалсафий билимлар: мантиқ, физика, математика, метафизика тартибида берилади. Булардан мантиқ – билишнинг методи, мавжудотни ўрганиш, у ҳақда фикр юритишнинг илмий усули сифатида талқин этилади. “Мантиқ, – деб ёзади ибн Сино, – инсонга шундай бир қоида берадики, бу қоида ёрдамида инсон хулоса чиқаришда хатолардан сақланади”. Мантиқ ёрдамида инсон ҳақиқий билимни ёлғондан ажратади ва номаълум нарсаларни ўрганади. У мантиқ илмини тадқиқ этишга катта эътибор беради, унга махсус рисолалар бағишлайди. Хусусан, у мантиқий усуллар, таърифлаш, ҳукм, хулоса чиқариш, исботлаш масалаларини ўрганишга катта ҳисса қўшди, мантиқ фанини Форобийдан сўнг билишнинг тўғри методи сифатида ривожлантирди. Мантиқдан ташқари барча қолган илмларни ибн Сино табиат ва ижтимоий ҳодисалар ҳақидаги илмлар сифатида ўзининг “Ақсом ул-улум ул-ақлийа” (“Ақлий билимлар таснифи”) асарида алоҳида-алоҳида санаб, таъриф бериб ўтади. Ибн Сино фалсафий илмларни аввало иккига бўлади: назарий ва амалий илмлар.
Назарий илмлар ҳақиқатни билишга, амалий илмлар яхши ишларни бажаришга қаратилган. Фалсафанинг назарий қисми учга бўлинади: 1) қуйи даражадаги илм, яъни табиатшунослик; 2) ўрта даражадаги илм – математика; 3) олий даражадаги илм – метафизика. Фалсафанинг амалий қисми ҳам учга бўлинади: а) шахс ҳақидаги илм; б) инсоннинг ўзаро муносабатлари ҳақидаги илм; в) давлатни, мамлакатни бошқариш ҳақидаги илм. Назарий-фалсафий илмларга кирувчи ҳар уч турдаги илмлар асосий ва ёрдамчи бўлакларга ажралади; табиатшунослик илмлари астрология, медицина, алкимё каби етти хил тармоқни ўз ичига олади. Математика эса арифметика, геометрия, астрономия, мусиқа номи билан 4 тармоқка бўлинади. Асарда 29 илм тармоғи тилга олинади.
Ибн Сино ўз дунёқарашида пантеистик принципга асосланади: Тангри ва борлиқ бир-бирига зид, бир-бирини инкор этувчи нарсалар эмас, аксинча, улар бир бутун ҳодца мавжудотни ташкил этади. Абадийлик Тангрига хос. Тангри ва табиат маълум поғоналар ёрдамида боғланади. Узун ва яхлит занжирнинг бир томонида яратувчи Тангри – зарурий вужуд, иккинчи чеккасида табиат ётади.
Ибн Сино ҳақиқий ахлоқий фазилатларга ва идеал жамоага шу мавжуд дунёда эришув мумкин, жамиятда инсонлар ўзаро ёрдам асосида яшашлари керак деб таъкидлайди. Жамият кишиларнинг ўзаро келишуви асосида қабул қилинадиган адолатли қонунлар ёрдамида бошқарилиши лозимлигини таъкидлайди. Жамият аъзоларининг ҳаммаси бу қонунга итоат этишлари, қонунни бузиш ва адолатсизлик жазоланиши, башарти подшонинг ўзи адолатсизликка йўл қўйса, халқнинг унга қарши қўзғолони тўғри ва жамият томонидан қўллаб-қувватланмоғи лозим.
Ибн Сино ўзининг кўп тармоқли маҳсулдор ижоди, боймероси билан жаҳон маданияти тараққиётида катта роль ўйнади. Ўз ижоди, илмий фаолиятида ибн Сино Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларидаги юқори маданий кўратинкилик, маданий “уйюниш”нинг маънавий ютуқларини мужассамлаштира одди, бу билан бутун Шарқ ва Оврўподаги маърифат, маданият тараққиётига катта таъсир кўрсатади. У ўз даврида Шарқ ва Оврўпода “Шайх ур-раис”, “Олимлар бошлиғи”, “Табиблар подшоҳи” каби энг буюк номларга сазовор бўлди. Ибн Сино машҳур мураббий сифатида Абу Убайд Журжоний, Умар Исфаҳоний, Муҳаммад Шерозий, Аҳмад Маъсурий, машҳур озарбайжон мутафаккири Бахманёр ибн Марзбон, Юсуф Ийлоқий, ажойиб олим ва шоир Умар Ҳайём каби шогирдларини тарбиялади. Уйғониш даври миниатюра ва суратларида ибн Сино машҳур қадимги юнон олимлари Аристотель, Гален, Гиппократ, Птолемей, Эвклид билан бир қаторда тасвирланган. Ўсимликларнинг биринчи илмий таснифини яратган табиатшунос Карл Линней доимо яшил бўлиб турувчи бир ўсимликни ибн Сино шарафига “Авицения” деб атади.
Ибн Сино асарлари Оврўпода XII асрдан бошлаб лотин тилига таржима қилина бошлади. “Тиб қонунлари” асарининг ўзи лотинчада 30 мартадан ортиқ нашр қилинди. “Китоб уш-шифо”нинг кўп бўлимлари, мантиқ, мусиқа, ернинг тузилиши, геологик жараёнлар, метафизикага оид қисмлари ҳам лотинчада нашр этилди. Сўнгги илмий тадқиқотлар ибн Синонинг Шарқ адабиётига ҳам таъсир кўрсатганлигини, чуқур фалсафий мазмунни ифодаловчи рубоий ва фалсафий қиссалар жанрининг тараққиётига туртки берганлигани кўрсатади. Ибн Сино халқ орасида шу даражада ҳурматга сазовор бўлдики, у фольклор каҳрамонига айланиб кетди. Шарқ халқларида унинг тўғрисида турли ҳикоя, ривоят, афсоналар вужудга кедци. Жаҳон олимлари ибн Сино асарлари, унинг фаолияти тўғрисида кўпдан бери илмий тадқиқот ишларини олиб борадилар. Ҳозирда жаҳоннинг деярли барча йирик тилларида ибн Сино ҳақида асарлар яратилган.
“Маънавият юлдузлари” (Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, Тошкент, 1999) китобидан олинди.
Buyuk mutafakkir, faylasuf, tibbiyot, falakiyot sohasining bilimdoni va tilshunos olim Abu Ali ibn Sino barcha davrlarda o’tgan olimu-ulamolar ichida yetakchi o’rinlardan birini egallaydi. U insoniyat tarixida yorqin chuqur iz qoldira olgan buyuk dahodir.

Bolalik va yoshlik yillari
Abu Ali ibn Sino (to’liq ismi Abu Ali Husayn ibnAbdulloh ibn al-Hasan ibn Ali ibn Sino) 980 yil 21 avgust kuni Buxoro yaqinidagi Afshona qishlog’ida dunyoga keldi. Uning otasi mansabdor shaxs bo’lib, o’z obro’siga ega bo’lgan.
Ularning oilasi Buxoroga ko’chib kelgandan keyin yosh, biroq ilmga chanqoq Husayn uchun ilm olishga keng imkoniyatlar eshigi ochildi,chunki Buxoro poytaxt shahar bo’lib, u yerga saroy kutubxonasidan foydalanish uchun turli soha vakillari – faylasuflar, tabiblar, shoirlar tashrif buyurar edilar.
Ibn Sino erta bolalik chog’laridanoq qiziqqonligi bilan ajralib turar, kattalarni o’z savollari bilan qiynab yuborar edi. U avvaliga oddiy musulmon maktabida 10 yil davomida tahsil oldi. Maktab dasturidan tashqari Husayn qo’shimcha ravishda savodxonlik, arab tili, stilistikani o’rgandi. Husayn 10 yoshligida Qur’oni Karimni butunlay yod oldi, qori darjasiga erishdi.

Husaynning atrofidagilar iqtidorli o’smirning erishgan yutuqlaridan hayratga tushar edilar. Otasi o’g’liga yanada kuchliroq ta’lim berish uchun uni maktabdan chiqarib olib, uyga alohida bilimi kuchli muallimni yolladi. Bu muallim ulug’ yoshdagi qariya bo’lib, Husaynga fizika, astronomiya, falsafa, geogafiya va boshqa shu kabi fanladan chuqur ta’lim berdi.
Husayn oilada yolg’iz farzand emas edi, uning ukasi ham bor edi. Otasi o’g’illarining ruhiy tarafdan ham bekamu ko’st bo’lishlariga e’tibor berar edi.
Ko’p o’tmay zehni o’tkir Husayn o’quvchi bo’lishiga qaramasdan, uy muallimi bilan bir darajadagi ilmga ega bo’ldi, shundan keyin u turli xil fanlarni mustaqil ravishda o’rganishga kirishdi. Bilim darajasida kattalarni ham ortda qoldira oladigan Husayn 14 yoshida tabobat bilan qiziqa boshladi. Shahardagi barcha ilmiy asarlarni o’qib-o’rgandi, ushbu sohaning sir-asrorlarini o’rganish uchun eng og’ir bemorlarni borib ko’rdi. Ibn Sinoning tabobat bilan shug’ullanishiga o’sha davrning tabibi va tabobat darsligining muallifi – Abu Sahl Masihiy sabab bo’ldi.

Bir kuni saroyda noodatiy holat yuz berdi: mamlakat amiri kasal bo’lib qoldi, biroq saroy tabiblaridan birortasi uni davolay olmadi. Shunda amirni davolash uchun yosh Ibn Sino taklif qilindi. U esa o’z navbatida to’g’ri tashhis qo’yib, kasallik turini aniqlay olgan va amirni muvaffaqiyatli davolagan. Bu paytda Husayn 17 yoshda edi, shunga qaramasdan u amirning shaxsiy tabibi etib tayinlandi.
Ibn Sino saroydagi yangi kitoblarni o’qib, chuqur bilim olishni davom ettirish bilan birga o’z shogirdlarini ham yetishtira boshladiva shu bilan birga 18 yoshda bo’lishiga qaramasdan Sharq va O’rta Osiyoning buyuk olimu-ulamolari bilan bahslasha olgan.

20 yoshida Ibn Sino bir necha kitoblar yozib ulgurgan edi: 1.Katta entsiklopediya 2.Etikabo’yicha nashr 3.Tabobat lug’ati
Biroq boshlangan urush shahardagi tinchlikni buzdi. Buxoro turk qabilalari tomonidan ishg’ol qilindi. Poytaxtda vayronalar, yong’inlar avj oldi. Husaynning otasi aynan shu davrda halok bo’ldi, va u savdo karvonlariga qo’shilib, Xorazmga yo’l oldi.
Tabobat
Xorazmda yosh tabib ko’plab do’stlar orttirdi, ko’p o’tmay esa uning ustozlari Masihiy va Beruniy ham yetib keldilar. Mahalliy shahar hokimi saroyda olimlarning yig’ilishib, samarali muloqot qilishlariga izn berar va shu bilan ilm-fan rivojiga hissasini qo’shar edi.
Shu yo’sin Husayn va uning safdoshlari bir necha yillar davomida ilm-fan tadqiqotlari va ishlari bilan xotirjam shug’ullandilar.

U davrlarda inson tanasining tuzilishini o’rganish maqsadida o’lgan odamlarning jasadini yo’rish ta’qiqlangan edi. Bu qonunni buzgan inson o’lim jazosiga mahkum qilinar edi, biroq Ibn Sino va Masihiy bu ishni xufyona qilib yurdilar. Biroz vaqt o’tgach, bu ikki olimni poytaxtga sulton huzuriga chaqirib qoldilar. Bunday chaqiruvlar olim va shoirlarni qatl qilish uchun uyushtirilar edi.
O’lim daragini sezgan ikki tabib qochishga qaror qildilar. Ular cho’ldan yurib borar ekanlar, qum bo’roniga duch kelib qoldilar, yo’ldan adashib, suv va ovqatsiz qoldilar. Keksa yoshdagi Masihiy bunday og’ir sharoitga bardosh bera olmay vafot etdi, Ibn Sino esa bu qiyin sharoitni yengib o’ta oldi. U uzoq yillar davomida jahldor sulton qahridan qochib, berkinib yurdi, ismini o’zgartirib, ishini davom ettirdi va kitoblar yozdi.

1016 yilda Ibn Sino Xamada shahrida qo’nim topdi. U paytda bu yerlarni savodi kam bo’lgan amirlar boshqargan, bu narsa esa Ibn Sinoga juda qo’l kelgan. Bu yerda u mahalliy amirning bosh tabibi lavozimini egalladi hamda bosh vazir unvoniga ega bo’ldi.
Xamada shahrida yashar ekan Husayn o’zining asosiy ishi – “Tib qonunlari” nomli kitobini yozib tugatdi. Ushbu kitob beshta tomdan iborat:
*1-tom: tibbiyot ilmi – o’tkir va surunkali kasalliklarning ta’rifi, ularning tashhisi, davolanishi, jarrohlik.
*2-tom: tabiiy giyohli dorilar haqida hikoyalar.
*3- va 4- tomlar: inson tanasidagi kasalliklar, a’zolardagi sinishlarni davolash bo’yicha tavsiyalar.
*5-tom: Ibn Sino tarafidan mustaqil tayyorlangan murakkab tarkibli dorilar xususiyatining ta’rifi hamda Yevropa va Osiyodagi qadimgi tabiblarning yozuvlaridan manba sifatida foydalanilganligi.
Ibn Sinoning aniqlashicha, viruslar infektsion kasalliklarning qo’zg’atuvchisi hisoblanadi, biroq bu faraz 800 yildan keyingina fransuz olimi Paster tomonidan tasdiqlandi.

Ibn Sinoning tomir urishi haqidagi falsafasi ham diqqatga sazovordir. U kitobida bu haqda kengroq ma’lumot bergan. Olim shuningdek, o’lat, gepatit, vabo va boshqa shu kabi kasalliklarga birinchilardan bo’lib, ta’rif bergan.
Qisqa davr ichida Ibn Sinoning “Tib qonunlari” kitobi barcha mamlakatlarda foydalanadigan dunyo miqyosidagi entsiklopediyaga aylandi.
Falsafa
Afsuski, Ibn Sinoning ko’pgina qo’lyozmalari yo’qolib ketgan yoki o’sha davrning kam savodli tarjimonlari tomonidan noto’g’ri tarjima qilingan. Bu narsa uning falsafiy fikrlari haqidagi tushunchani o’zgartirib yuborgan. Biroq uning ba’zi qo’lyozmalari saqlanib qolingan:
1.Oliy.
2.O’rta.
3.Pastki

Adabiyot va boshqa ilmlar
Ibn Sino ba’zi jiddiy mavzularga she’riy tomondan yondoshgan. Shunday ishlarga “Muhabbat ta’rifi”, “Hay ibn Yakzan”, “Qush” vaboshqa shu kabi asarlar kiradi.
Olim shuningdek, psixologiya sohasiga ham katta hissa qo’shdi. U insonning mijozlari (issiq, sovuq, ho’l va quruq) masalasi bo’yicha o’z ta’limotini ishlab chiqdi. Olim mexanika, musiqa sohalariga ham o’z hissasini qo’shdi.
Ibn Sinoning kitob va qo’lyozmalari haqidagi ma’lumotlar turli manbalarda turlicha keltirilgan. Ba’zi tarixchilar uning kitoblari 453 ta desa, arab adabiyotlarida olimning 10ga yaqin ishi mavjud (astronomiya, kimyo va boshqa mavzularga oid). Hozirda bularning hammasi dunyoning turli mamlakat kutubxonalarida saqlanadi.

Shaxsiy hayoti
Afsuski, Ibn Sinoning shogirdlari yozib qoldirgan manbalarda buyuk olimning shaxsiy hayoti haqidagi ma’lumotlar keltirilmagan. Faylasuf, olim va shoir bo’lmish Ibn Sino tarafidan yozilgan ko’plab poemalarda ayol go’zalligi, uyg’unlik va mukammallik kuylangan. U hayoti davomida ko’h sayohat qilgan, muqim bir yerda yashamagan, shuning uchun uni bir oilaning boshi bo’lgan, deb aytish qiyin.

Vafoti
Ibn Sino juda boy ilmiy hayot yo’lini bosib o’tdi. U yuksaklikka ko’tarildi, pastga ham tushdi. Vatanidan qochib chiqib ketgan Ibn Sinoga o’z ona yurtiga qaytib kelish nasib etmadi, 1037 yilda begona yurtda vafot etdi. Buyuk ilm namoyondasi Hamaron shahrida dafn etildi, 8 oydan so’ng esa uning jasadi Isfaholga ko’chirib olib kelinib, shu yerga dafn etildi.





















